Етим молининг закоти
Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга (мусулмонларга) хитоб қилиб, айтдилар: «Кимки молдор бир етимнинг валийси бўлса, ўша мол билан тижорат қилсин ва токи садақа (закот) уни еб тугатгунига қадар тарк этиб қўймасин!».
Бу ҳадис битта шу важҳдан ривоят қилинган ва унинг иснодида гумон бор. Чунки Ал-Мусанна ибн Ал-Саббоҳ ҳадисда заиф эканлиги қайд этилган. Баъзиси эса бу ҳадисни Амр ибн Шуъайбдан «Умар ибн Ал-Хаттоб» деб ривоят қилиб, айни шу ҳадисни зикр этди.
Илм аҳллари бу бобда ихтилоф қилдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ъа салламнинг саҳобаларидан, ораларида (Ҳазрати) Умар, (Ҳазрати) Али, Оиша ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳум) ҳам бор бўлган мутааддид кишилар, етимнинг молида закот бор, деган фикрдалар. Молик, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ шу қавлга эга бўлганлар. Илм аҳлларидан бир гуруҳи эса, етимнинг молида закот йўқ, деб айтганлар. Суфён Ас-Саврий ва Абдуллоҳ ибн Ал-Муборакнинг қавли шу.
Амр ибн Шуъайб бу - Ал-Ос ўғли Абдуллоҳ ўғли Муҳаммаднинг ўғлидир. Шуъайб бобоси Абдуллоҳ ибн Амрдан (ҳадис) эшитган. Яҳё ибн Саъид, Амр ибн Шуъайбнинг ривояти ҳақида (танқидий) сўз қилади ва: «У бизнинг наздимизда заифдир» дейди. Амр ибн Шуъайбнинг заиф эканлигини қайд этганлар, отаси Абдуллоҳ ибн Амрнинг саҳифасидан ҳадис ривоят қилгани учун уни заиф деб айтаётирлар. Аммо муҳаддисларнинг кўпчилиги Амр ибн Шуъайбнинг ҳадиси билан истидлол қиладилар ва уни тасбит этадилар. Аҳмад, Исҳоқ ва тағин бошқалар шулар орасидадир.