Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинди; «(Расули Акрам) саллаллоҳу алайҳи ва саллам: осмон (ёмғир) ва булоклар (оқар сувлар) ёки ер ости сизот сувлари билан суғорилган экинга бир ушр (ҳосилнинг ўндан бири), чиғир орқали сугориладиган экинларга эса ярим ушр (закот) қўйдилар».

Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.

Сув ҳавзалари, чиғирлар (чархпалак) ёки тўпланган сувлар ва пуллик сувлар билан суғорилган экинлардан ҳам ярим ушр (ҳосилнинг йигирмадан бири) олинади. Ҳанафий мазҳабига кўра бу тур суғориш йил бўйи ёки ярим йилдан ортиқ давом этиши керак.

Бутун уламо ва тўрт имом мазҳабига кўра, буғдой, арпа, мош, нўхат, шоли(гуруч) ва шу каби барча донли-дуккакли экин ҳосилларидан ушр бермоқ вожиб. Имоми Молик «Ал-муваттоъ» китобида бундай дейди: «Закотда табиий бўлган ғалла ушбулардир: буғдой, арпа, жавдар, маккажўхори, тариқ, шоли, мош, сули, ловия, жулжулон ва шунга ўхшаш ош-таом қилинадиган донлар. Пишиб, дон бўлганидан кейин буларнинг ҳаммасидан закот олинади».

Бу мазҳабнинг йўлбошчиси ушр вожиб бўлишига далолат киладиган ҳадис ва оятлар маъноси билан амал қилаётир. Ҳасан Ал-Басрий, Ҳасан ибн Солиҳ, Ас-Саврий ва Ибн Сийрийн арпа, буғдой майиз ва хурмолардан бошқа нарсада закот йўқ деган фикрга эга бўлганлар. Буларнинг фикрича, ушр фақат шу тўрт нарсада вожиб. Табороний, Ал-Ҳоким ва Ад-Доруқутнийнинг Абу Мусо Ал-Ашъарий ва Муъоз (розияллоҳу анҳумо)дан тахриж қилган ҳадислари билан истидлол қиладилар. Бу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки саҳобага бундай деб айтганлари ривоят қилинади: «Закотни фақатгина ушбу тўрт синф (нарса)дан олингизлар: арпа, буғдой, майиз ва хурмодан». «Субулус-Салом» муаллифи Байҳақийнинг бу ҳадис ҳақида бундай деганини ёзади: «Бу ҳадиснинг ровийлари сиқа (ишончли) кишилардир ва санади мутассилдир». Аш-Шавқоний ҳам «Ан-Наҳий» китобида шу усулни таржиҳ этади ва бундай дейди: «Ҳақиқат шуки, «закот фақат буғдой, арпа, майиз ва хурмодан вожиб ва шу тўрттадан бошқа ер маҳсулотларида закот (ушр) йўқ. Амр ибн Шуъайбнинг ҳадисида маккажўхори бу тўрт нарсага қўшилгани масаласига келсак, бу ҳадисда ривояти матрук бўлган ровий учрамоқда, шу билан бирга, Мужоҳид ва Ал-Ҳасаннинг мурсал ривоятлари билан қувват касб этган». Муборакфурий, «Абу Мусо ва Муъознинг мазкур ҳадиси санадида Талҳа ибн Яҳё борки, бу зот борасида ихтилоф қилинган» дейди ва бундай давом этади: «Бу ўриндаги чеклаш ҳақиқий эмас. Ҳақиқий бўлса эди, бу тўрт синфдан бошқа нарсада закот вожиб эмаслиги лозим бўларди. Лозим ботил бўлганидек, малзум (лозим қилувчи) ҳам айнан ботилдир. Бу ўриндаги чегара фақат нисбийдир».

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш