Фойда келтирадиган мол учун, тўлиқ бир йил ўтмагунича, закот йўқ
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; айтди: «Кимки бир молдан истифода этса (фойда кўрса), мол эгаси зиммасида, молидан токи бир йил ўтмагунича, закот йўқ».
Бу ҳадис Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Асламнинг ҳадисидан кўра саҳиҳроқ.
Яъни Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам марфуъ тарзида ривоят қилган ҳадис - заиф. Мавқуф тарзида ривоят қилинган бу ҳадис - саҳиҳ.
Бу ҳадисни Аййуб, Убайдуллоҳ ва биттадан ортиқ киши, Нофиъ воситасида, Ибн Умардан мавқуф тарзида ривоят қилдилар. Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам ҳадис (боби)да заифдир. Муҳаддислардан Аҳмад ибн Ҳанбал, Али ибн Ал-Мадиний ва тағин бошқалар, унинг заиф эканини қайд этганлар. Ўзи кўп ўринда янглишган.
(Бир йил давомида) фойда кўрилган мол учун, токи бир йил ўтмагунича, закот йўқ эканлиги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан биттадан ортиқ кишидан ривоят қилинган. Молик ибн Анас, Шофиъий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқнинг қавли шудир.
Баъзи илм аҳллари бундай дейдилар: «Мулкида (қўл остида) закот вожиб бўлган мол бор эса, унда (фойда, хайр-эҳсон ва мерос олиш йўли билан қўлга киритилган молда) закот бор. Агар мулкида (қўл остида) фойда келтирган молдан бошқа, закот вожиб бўлган мол йўқ эса, фойда келтирган молидан токи бир йил ўтмагунича, бу мол учун закот (бермоғи) вожиб эмас. «Ҳаволони ҳавл»дан олдин бирор молни фойда қилса, закоти вожиб бўлган моли билан биргаликда фойда келтирган бу молнинг закотини беради».
Суфён Ас-Саврий ва Куфа аҳлининг қавли шудир.
Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) шу қавлга эга бўлганлар. Чунончи, йил бошида нисобга эга бўлиб, йил давомида фойда-даромад, ҳиба (хайр-эҳсон) ва мерос (олиш) каби бирор сабаб билан, янгитдан фойда кўрса, қўлига янгитдан мол тушса, бу молни эски молига қўшиб, закотини беради. Аммо йил бошида нисобга эга бўлмай, фақат кейинчалик қўлга киритган моли билан нисобга эга бўлса, «ҳавалони ҳавл»дан (молидан тўлиқ бир йил ўтмасидан) олдин закот вожиб бўлмайди...