Шомдан кейин уйда намоз ўқимоқ янада фазилатлироқ эканлиги
Каъб ибн Ужра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Абдулашҳал масжидида шом намозини ўқидилар. (Сўнг) одамлар нафл намозини ўқишга туришди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу намозни уйларда ўқиигизлар...» - дедилар.
Бу ҳадис ғариб.
Уни битта шу важҳдан билаётирмиз. Саҳиҳ бўлгани - Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисдирки, (унда) Ибн Умар бундай дейди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шомдан кейинги икки ракъат намозни уйларида ўқир эдилар».
Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан эса бундай ривоят қилинган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозини ўқидилар ва кейин то хуфтон намозини ўқигунларича масжидда намоз ўқиб турдилар».
Бу ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шомнинг фарзидан кейинги икки ракъатни уйда ўқиганларига доир далолат бор.