Фарзни ўқигандан кейин жамоатга имом бўлган киши
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Муъоз ибн Жабал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шом намозини ўқир ва кейин ўз қавмига қайтиб, уларга имомлик қилар эди».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Биродарларимизнинг айтишича, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг амали шу ҳадис асосидадир: киши ўқиб бўлган фарз намозида бир жамоатга имом бўлса, унга иқтидо қилган кишиларнинг намози жоиздир. (Бунга) Жобирнинг Муъоз қиссаси ҳақидаги ҳадисни далил сифатида кўрсатадилар.
Бу фатво Имом Шофиъий мазҳабига оид. Ҳанафий мазҳабидагилар хоҳ имом, хоҳ эргашувчи бўлиб бир вақтнинг фарзини адо қилсалар, бошқалар билан яна шу фарзни ўқий оладилар, фақат имом бўлмаслик шарти билан.
Бу ҳадис саҳиҳ. Жобирдан мутааддид важҳлардан ривоят қилинган.
Абуд-Дардодан ривоят қилинган: Жамоат аср намозини ўқиб турганда масжидга кирган ва бу намозни пешин намози деб гумон қилиб, имомга иқтидо қилган кишининг намози ҳақида Абуд-Дардодан сўрадилар. «Намози жоиздир», деди.
Куфа аҳлидан баъзилари бундай дейдилар: «Бир жамоат асрни ўқиётган бир имомга, пешинни ўқияпти деб гумон қилиб, иқтидо этса, имом уларга намозни ўқиб берса ва улар имомга эргашган бўлсалар, имом билан маъмумнинг (эргашувчининг) нияти мухталиф (бошқа-бошқа) бўлгани боис муқтадийнинг (эргашувчининг) намози фосиддир».