Имомдан олдин бошини кўтарган киши ҳақида қаттиқ ҳукм
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Имомдан олдин бошини кўтарган киши, Аллоҳ унинг бошини эшакнинг бошига айлантириб қўймоғидан қўрқмайдими?».
Қутайба, Ҳаммоддан нақл этиб, айтадики, «Муҳаммад ибн Зиёд менга бундай деди: «(Абу Ҳурайра) «ама йахша» деди.
Бу сўздан мақсад қуйидагича эканлиги изоҳланган: Шуъба бу ҳадисни Муҳаммад ибн Зиёд орқали Абу Ҳурайрадан, «Саҳиҳи Бухорий»да келтирилганидек, «А-ма йахша ав а-ла йахша аҳадукум» лафзи билан ривоят қилди. Боя эсланган Ҳаммод Муҳаммад ибн Зиёддан Абу Ҳурайра бу ҳадисни сенга «А-ма йахша» деб баён қилдими ёки «А-ла йахша» тарзидами?» - деб сўради. Шунда Муҳаммад ибн Зиёд «Муҳаққақки, «А-ма йахша» деб жавоб берди.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Муҳаммад ибн Зиёд Басралик бўлиб, сиқа (ишончли)дир. Абул-Ҳорис деган куняси билан аталади.