Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; айтди: «Бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дедики, «Ё Расулуллоҳ! Кечаси ухлаб ётиб ўзимни туш кўрибман. Тушимда бир дарахтнинг орқасида намоз ўқиётган эканман. Шунда мен сажда қилдим, менинг саждамга ўша дарахт ҳам сажда қилди. Шу аснода дарахтнинг бундай деганини эшитдим: «Аллоҳум-мактуб лий биҳа ъиндака ажрон ва зоъ ъанний биҳа визрон ва жаъалҳалий ъиндака зухрон. Ва тақоббалҳа минний, кама тақоббалтаҳа мин ъабдика Довуд» (Маъноси: «Аллоҳим! Ушбу саждам боис менга ҳузурингда ажр ёз ва у боис гуноҳимни кетказ ва уни мен учун ўз ҳузурингда заҳира қил! Ва буни мендан қабул айла, худди банданг Довуд (алайҳиссалом)дан қабул айлаганингдек!») Ал-Ҳасан айтади: «Ибн Журайж менга бундай деди: «Сенинг бобонг (Убайдуллоҳ ибн Аби Язид) менга Ибн Аббоснинг бундай деганини нақл этди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сажда оятини ўқидилар-да, кейин сажда қилдилар». Ибн Аббос айтадики, «(Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) худди ўша киши хабар берган тарзда дарахт айтган (дуо)ни айтганларини эшитдим».

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу тушни хабар қилган киши Абу Саид Ал-Худрий эканлиги маълум қилинган. У бир фаришта эканлиги ҳам айтилган. Аммо бу узоқ бир эҳтимолдир.

Бу бобда Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган.

Бу ҳадис ғариб.

Буни Ибн Аббоснинг ривояти сифатида битта шу важҳдан билаётирмиз.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш