Таҳоратни мукаммал олмоқ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ хатоларни нима билан ювмоғини ва даражаларни нима билан юксалтирмоғини сизларга хабар қилайинми?». Айтишди: «Ҳа, ё Расулуллоҳ! (хабар қилинг!)». Дедиларки, «Қийинчиликларга қарамай таҳоратни тўлиқ олмоқ, масжидлар сари қадамни кўпайтирмоқ, намоздан кейин намозни кутмоқ; мана, сизлар учун рибот (боғлиқлик, Ҳақ йўлидаги доимий жиҳод) ана шудир!».
Қутайба худди шу ҳадисни бизга Абдулазиз ибн Муҳаммаддан, Ал-Аълодан, унинг отасидан, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан айнан айтиб берди ва ўз ҳадисида: «Мана, рибот ана шудир; мана, рибот ана шудир; мана, рибот ана шудир», деб уч марта айтди.
Бу бобда (Ҳазрати) Али, Абдуллоҳ ибн Амр, Ибн Аббос, Обида - уни Убайда ҳам дейишади - ибн Амр, Оиша, Абдурраҳмон ибн Оис Ал-Ҳадрамий ва Анас (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган. Абу Ҳурайранинг бу бобдаги ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Ал-Аъло ибн Абдурраҳмон, бу - Яъқуб Ал-Жуҳаний Ал-Ҳуроқийнинг ўғли бўлиб, у муҳаддислар наздида сиқа (сўзи ишончли)дир.