Бу сурада («ан-Нажм»)да тиловат саждаси йўқ эканлиги
3айд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга «Ан-Нажм» сурасини ўқиб бердим, бу сурада сажда қилмадилар».
Зайд ибн Собитнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Баъзи илм аҳллари бу ҳадисни таъвил этиб, бундай деган: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам (бунда) саждаи тиловатни тарк этмоқларининг бирдан-бир сабаби шуки, (уни) ўқиб берган Зайд ибн Собит сажда қилмагач, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам сажда қилмаганлар».
Яъни саждаи тиловат бобида ўқиган киши тинглаган кишининг имомидир. Ўқиган Зайд сажда қилмагач, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унга иттибоъ қилиб, сажда қилмадилар. Саждаи тиловатда ўқиган киши тинглаган кишининг имом эканлигига далолат қилган далиллардан бири эса Абдуллоҳ ибн Масъуднинг Тамим ибн Ҳазламга: «Сажда қил! Саждаи тиловатда имомимиз сенсан!» деган сўзидир. Тамим ибн Ҳазлам ёш бола эди ва Абдуллоҳ ибн Масъудга сажда оятини ўқиган эди. Шунингдек, Зайд ибн Асламдан ривоят қилинди: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида сажда оятини ўқиди ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сажда қилмоқларини кутди. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилмагач, «Ё Расулуллоҳ! Бу сажда оятида саждаи тиловат йўқми?» деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки, «Албатта бор! Аммо саждаи тиловатда сен бизнинг имомимиз эдинг. Сажда қилса эдинг, биз ҳам қилар эдик».
Илм аҳллари: «Сажда уни эшитган кишига вожибдир» дейдилар ва тарк этмоқка рухсат бермайдилар. Айтадиларки, «Бир киши таҳоратсиз бўлгани ҳолда (сажда оятини) эшитса, таҳорат олган заҳоти сажда қилади». Суфён ва Куфа аҳлининг қавли шу. Исҳоқ ҳам шу қавлга эга бўлган. Баъзи илм аҳллари эса бундай дейдилар: «Саждаи тиловат фақатгина бу саждани қилмоқчи ва унинг фазилатига эришмоқчи бўлганлар учундир. Булар саждаи тиловатни тарк этмоққа рухсат берадилар ва «хоҳласа, қилади» дейдилар. Зайд ибн Собитнинг: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга «Ан-Нажм» сурасини ўқиб бердим, бу сурада сажда қилмадилар» деган ҳадисини ва, шунингдек, Ҳазрати Умарнинг ҳадисини далил сифатида кўрсатадилар. Чунончи, Умар (розияллоҳу анҳу) минбарда сажда оятини ўқиганларида тушдилар ва сажда қилдилар. Сўнг кейинги жумъа кунида яна сажда оятини ўқидилар ва жамоат саждаи тиловат учун ҳозирланди. Шунда Ҳазрати Умар: «Саждаи тиловат бизга фарз қилинмаган; хоҳласак, қиламиз» дедилар. Ўзлари сажда қилмадилар, улар ҳам сажда қилишмади. Айрим илм ахллари шу қавлга соҳиб бўлганлар. Шофиъий ва Аҳмаднинг қавли шудир.