«ан-Нажм» сурасидаги тиловат саждаси
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ул сурада (яъни «Ан-Нажм» сурасида) сажда(и тиловат) қилдилар. (Ўша йиғинда бўлган) мусулмонлар ҳам, мушриклар ҳам, жин ҳам, инс ҳам сажда қилишди».
Ибн Аббос бу ҳодисага етган эмас. Бу ҳадис саҳобалар мурсал тарзида ривоят қилган ҳадислардандир, барча илм аҳллари саҳобаларнинг мурсал тарзида ривоят қилган ҳадисларни ҳужжат сифатида қабул қилганлар. Бухорий ва Муслим худди шу ҳадисни Ибн Масъуднинг ривоятидан тахриж қилганлар. Ибн Масъуд ривоятида бундай дейилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ван-нажм»ни ўқидилар, бу сурада саждаи тиловат қилдилар ва (у кишининг) ёнидагилар ҳам сажда қилишди. Аммо битта чол бир ҳовуч қум ёки тупроқни олиб, пешонасига олиб борди-да: «Шу менга етади!» деди. Ўша кишининг кейинчалик кофир сифатида ўлдирилганини кўрдим». Ўша киши Умаййа ибн Халаф эди. У Бадр ғазотида мусулмонлар томонидан ўлдирилди.
Имом Ан-Нававий Муслимнинг китоби шарҳида айтади: «(У кишининг) ёнидагилар ҳам сажда қилишди» сўзининг маъноси шуки, бунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатини тинглаган мусулмонлар, мушриклар, жин ва инслар назарда тутилган. Ибн Аббос ва бошқалар бу ҳадисни очиқ-равшан зикр қилганлар. Ҳатто бу ҳадис туфайли Маккаликларнинг мусулмон бўлганликлари шодиёнаси атрофга ёйилади. Қози Иёз айтади: «Ибн Масъуд фикрича, сажда қилмоқларининг сабаби шуки, бу сажда нозил бўлган биринчи сажда эди». Қози Иёз бундай давом этади: «Тарихчи ва муфассирларнинг: «Мушрикларнинг бутлари («худолари») «Ан-Нажм» сурасида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тили билан мақталганида мушриклар сажда қилди» деб кўрсатган сабаблари асоссиздир. Бу ривоят ҳеч қайси жиҳатдан, ақл жиҳатдан ҳам, нақл жиҳатдан ҳам - саҳиҳ эмас. Чунки Аллоҳдан бошқа нарсани «худо» деб мадҳ этмоқ куфрдир. Буни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларига оид қилиб кўрсатмоқ тўғри эмас. Шайтон эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тили воситасида буни сўзлай олмайди. Шайтонга бундай куч берилиши мутлақо жоиз эмас». Қози Иёз Ғорониқ ҳикоясига диққатни тортади ва бу ҳикоя ақлан ҳам, нақлан ҳам саҳиҳ эмаслигини таъкидлайди. Чунончи, бу қисса Қози Иёз ва Ан-Нававий баён этган важҳга кўра, ботил ва мардуддир. Чунки ботил ёки заиф ёки мурсал санадлар билан ривоят қилинган. Саҳиҳ ва муттасил бирор санади йўқ. Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатҳ ул-борий»да бу қиссанинг санадларига ишорат қилиб, бир қанча йўллардан ривоят этилиши сабаби билан қиссанинг асл асоси топилганини иддао этишга уринган. Ҳолбуки, мудҳиш бир хатога йўлиққан. Ҳар бир олимнинг бир залласи (қоқилиши) бор, бу эса у кишининг қоқилганидир. Аллоҳ авф айласин! «Йўллар кўпайиб, махражлар бошқа-бошқа бўлса, бу ўша ҳодисанинг юз берганидан далолат беради» деган сўзи умумий бир қоида эмас. Аз-Зайлоий, «Насб ур-ройа» китобида бундай дейди: «Бир қанча ҳадислар борки, ровийларининг кўп ва йўлларининг мутааддид бўлишига қарамай, заифдир: «Ат-тойр» ҳадиси, «Ал-ҳажим вал маҳжум» ҳадиси сингари. Ҳатто баъзан йўлларнинг кўплиги ҳадисни янада заифликка туширади».
Ал-Кирмоний мушрикларнинг мусулмонлар билан бирга сажда қилганлари сабабларини бундай изоҳлайди: «Чунки бу сажда нозил бўлган илк сажда эдики, мушриклар мусулмонларга муораза қилиш мақсадида ўз маъбудларига сажда қилишди. Ёки беихтиёр ва беҳуда сажда қилишди. Ёки ўша йиғинда мусулмонларга мухолафат қилишдан қўрқиб сажда қилишди». Ҳофиз ибн Хажар бу эҳтимолларнинг учаласи ҳам изоҳталаб эканини айтади ва бундай дейди: «Бу қарашларнинг биринчиси Қози Иёзники. Иккинчи фикр эса Ибн Масъуд ҳадисининг шаклига (ифода тарзига) зиддир. Яъни Ибн Масъуд сажда қилмаган битта чол бир ҳовуч қум олиб, манглайига теккизганини ривоят қилади. Бу ҳолат қаршисида мушриклар бош урганлари ва беихтиёр сажда қилганлари айтилмайди. Учинчи қараш эса яна узоқ эҳтимолдир. Зеро ўша маҳалда мушриклар мусулмонлардан эмас, аксинча, мусулмонлар мушриклардан хавфсирар эдилар».
Бу бобда Ибн Масъуд ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Баъзи илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир. «Ан-Нажм» сурасида саждаи тиловат бор, деган фикрдалар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари муфассалда саждаи тиловат йўқ деб қарор қилишган. Молик ибн Анаснинг қавли шу. Биринчи қавл саҳиҳроқ. Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ биринчи қавлга эга бўлишган.