Масжидда тупурмоқ кароҳат эканлиги
Ториқ ибн Абдуллоҳ Ал-Муҳорибий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намозда эканингда ўнг томонингга тупурма. Ва лекин (намозхон бўлмаса) орқангга ёки (ҳеч ким бўлмаса) чап томонингга ёхуд чап оёғинг остига тупургил!».
Оғзига келган балғамни қайтара олмаса ва чиқариб ташлашга мажбур бўлиб қолса, ҳеч ким бўлмаслиги шарти билан, орқасига ёки чап томонига тупуради. Агар чап томонида ҳам, орқасида ҳам одам бўлса, унда ё чап оёғининг остига ёки этагининг бир учига тупуради. Бу ҳолат шолча, полос, гилам тўшалмаган ва ости қум ёки тупроқ бўлган масжидларга тегишлидир. Нарса тўшалган масжидларда фақат этагининг бир учига тупуради. Чунончи, кейинги ҳадис бу ҳадис маъносини таъкидлайди.
Бу бобда Абу Саъид, Ибн Умар, Анас ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Ториқнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Илм аҳллари шу ҳадисни қабул қилганлар. Ал-Жоруддан эшитдим, айтадики, «Вакиънинг бундай деганини эшитдим: «Рибъий ибн Ҳирож Ислом дини мавзуида ҳеч бир ёлғон сўзламаган». Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади: «Мансур ибн Ал-Муътамир - Куфа аҳлининг энг соғломидир».