Салот ул-хавф (хавф туғилганда ўкиладиган намоз)
Саҳл ибн Аби Ҳасма (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у «Салот ул-хавф» борасида бундай дейди: «Имом қиблага рўбарў туради, улардан (мусулмонлардан) бир гуруҳи имом билан бирга туради, бир гуруҳи эса душманга қарама-қарши - душманга юзланиб туради. Имом улар билан бир рукуъ (ва икки сажда) қилади (яъни бир ракъат ўқийди). Ва булар турган жойларида ўзлари мустақил равишда бир рукуъ ва икки сажда қиладилар-да, кейин нариги гуруҳнинг истеҳкомига борадилар, улар (эса бу ёққа) келадилар. Имом булар билан (ҳам) бир рукуъ ва икки сажда қилади. Бас, (намоз) имом учун икки ракъат ва улар учун бир ракъат бўлади. Кейин улар (ўзлари) бир рукуъ ва икки сажда қилиб оладилар».
Саҳл ибн Аби Ҳасма Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган салот ул-хавфни бундай таърифилайди: Мусулмонлар икки гуруҳга бўлинади, бир гуруҳ душманга қарши истеҳкомда турган ҳолда, имом бир гуруҳга бир ракъат ўқиб беради. Имом иккинчи ракъатнинг қиёмига турганда иқтидо қилувчи гуруҳ иккинчи ракъатни ўзлари мустақил равишда ўқиб, салом беради-да, бориб нариги гуруҳнинг истеҳкомини эгаллайди. Имом қиёмда туриб иккинчи гуруҳни кутади ва иккинчи гуруҳ келиб, имомга иқтидо қилади. Шундай қилиб, булар билан ҳам бир ракъат ўқиганидан кейин салом беради. Аммо улар қиёмга туриб, ўзлари мустақил бир ракъат ўқиб олиб, салом берадилар.
Муҳаммад ибн Башийр айтади: «Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттондан бу ҳадисни сўрадим, у менга Шуъбадан, Абдурраҳмон ибн Ал-Қосимдан, унинг отасидан, Солиҳ ибн Ховвотдан, Саҳл ибн Аби Ҳасмадан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан, Яҳё ибн Саъид Ал-Ансорийнинг ҳадисига уйқаш ҳадисни баён қилди ва айтдики, «Бу ҳадисни унинг ёнига ёз! Гарчи ҳадис ёдимда бўлмаса ҳам, аммо у Яҳё ибн Саъид Ал-Ансорийнинг ҳадиси кабидир». Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Яҳё ибн Саъид Ал-Ансорий бу ҳадисни Ал-Қосим ибн Муҳаммаддан марфуъ тарзида ривоят қилади. Яҳё ибн Саъид Ал-Ансорийнинг биродарлари ҳам шу йўсин мавқуф тарзида ривоят қилдилар. Шуъба эса Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммаддан марфуъ тарзида ривоят қилмади.
Молик ибн Анас, Язид ибн Румондан, Содиҳ ибн Ховвотдан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга «салот ул-хавф» (хавф намози)ни ўқиган саҳобадан ривоят қилган. Уйқаш тарзда ўтган ҳадиснинг ўзини зикр қилди.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Молик, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шу.
«Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки гуруҳнинг ҳар бирига бир ракъат ўқиб берганлари ва натижада Расули Акрамники икки ракъат ва уларники бир ракъатдан бўлгани» биттадан ортиқ кишидан ривоят қилинган.