Салот ул-хавф (хавф туғилганда ўкиладиган намоз)
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки гуруҳнинг бир гуруҳи билан (имом бўлиб) бир ракъат хавф намози ўқидилар, иккинчи гуруҳ душманни кузатиб турди. Кейин булар тисарилиб, у (қўриқчи)ларнинг ўрнини эгаллади, буларнинг ўрнига улар келди. (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) улар билан қолган бир ракъатни ўқидилар ва ўшалар иштирокида салом бердилар. Кейин булар қиёмга туриб, (имом билан ўқилмаган аввалги) бир ракъатларини ўқиб олдилар; ановилар эса туриб (имом билан ўқилмаган охирги) бир ракъатларини ўқиб олдилар».
Ҳадиснинг зоҳир маъноси - иккинчи тоифа имом билан ўқимаган биринчи ракъатни адо этганда иккинчи гуруҳ иккинчи ракъатни ўқиган. Аммо ҳар икки гуруҳ ўз намозларини кетма-кет тўлдириб ўқиганлари ҳам эҳтимолдир. Чунончи, Абу Довуднинг Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан тахриж қилган ҳадисида бундай дейилади: «Кейин салом бердилар ва булар (яъни иккинчи гуруҳ) ўзлари мустақил равишда бир ракъат ўқидилар, кейин салом бериб кетдилар. Ва ановилар (намоз) жойларига қайтдилар, ўзлари мустақил равишда бир ракъат ўқидилар ва салом бердилар». Ҳар икки ривоятдан ҳам иккинчи гуруҳ икки ракъатни кетма-кет ўқигани ва фақатгина биринчи гуруҳ икки ракъатнинг орасини узгани англашилади. Ҳанафийлар, иккинчи гуруҳ имомга эргашиб иккинчи ракъатни ўқиганларидан кейин, туриб кетганларини ва биринчи гуруҳ қолган бир ракъатларини ўқиб олганларидан кейин, қайтиб намозларини тўлдириб ўқиб олганларини айтадилар.
Бу ҳадис (Ибн Умарнинг ҳадиси) ҳасан-саҳиҳ. Бу ҳадисни Мусо ибн Уқба, Нофиъдан, Ибн Умардан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан уйқаш тарзда ривоят қилган.
Бу бобда Жобир, Ҳузайфа, Зайд ибн Собит, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Ибн Масъуд, Саҳл ибн Аби Ҳасма, Абу Аййаш Аз-Зурақий - унинг исми Зайд ибн Сомит - ва Абу Бакра (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Молик ибн Анас «Салот ул-хавф» (бораси)да Саҳл ибн Аби Ҳасманинг ҳадисини эгаллаган. Шофиъийнинг қавли ҳам шу.
Имоми Аҳмад айтади: «Салот ул-хавф» борасида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мухталиф важҳлардан қилинган ривоятлар бор. Бу бобда фақат битта саҳиҳ ҳадисни биламан ва Саҳл ибн Аби Ҳасманинг ҳадисини ихтиёр этаман».
Исҳоқ ибн Иброҳим ҳам шундай дейди. Айтадики, «Солот ул-хавф» борасида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутааддид ривоятлар собит бўлган». Исҳоқ ибн Иброҳим, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Салот ул-хавф» борасида ривоят қилинган ҳар шакл(даги намоз) жоиз ва қўркувнинг миқдорига қараб бу ривоятлар билан амал қилинади, деган фикрдадир. Исҳоқ бундай дейди: «Саҳл ибн Аби Ҳасманинг ҳадисини бошқа ривоятлардан таржиҳ қилмоқчи (устун қўймоқчи) эмасмиз».