Таҳоратдан кейин этакка (ич кийимга) сув сепмоқ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаброил (алайҳиссалом) олдимга келди ва деди: «Ё Муҳаммад! Таҳорат олганингда сув сеп!».
Қози Абу Бакр ибн Ал-Арабий, Термизий асарларига ёзган «Оридат ул-аҳвазий», номли шарҳида бундай дейди: «Уламои киром бу ҳадиснинг шарҳида тўрт хил қавлга эга бўлишган:
- Биринчи қавлга кўра ҳадиснинг маъноси бундай: таҳорат олаётганда сувни ювиладиган аъзонинг устига қуй ва ювилиши керак бўлган аъзони масҳ қилиш билан кифояланма.
- Артиш ва силкитиш билан таҳорат аъзосини қурит.
- Тош билан покланган киши таҳорат олаётган пайтда сув билан тозаланмоғи лозим.
- 3акаридан томчи томдими-томмадими, деган васвасани кетказиш учун этагига (ич кийимига) озгина сув сепиши лозим». Ҳадисда қўлланган «фанзиҳ» ибораси шу тўрт маънода келганлиги эҳтимол. Ал-Хаттобий «Маъолим-ус-сунан» асарида, бу ибора шу ўринда сув билан истинжо қилиш маъносида келганини айтади. Аммо шайтоннинг васвасасини кетказиш учун этакка сув сепилади, деб таъвил қилиш ҳам мумкин эканлигини билдиради. Ан-Нававий, бу ўринда иккинчи маъно, яъни, этакка сув сепиш лозим, деган маъно қасд қилинганини, ҳамманинг қавли сифатида зикр қилган. Термизийнинг шарҳловчиси Шайх Муборакфурий ҳам шу фикрни устун қўяди ва бундай дейди: «Ҳақиқат шуки, бу ҳадисда ворид бўлган «интизаҳ» дейилишидан мурод, закаридан сув томди, деган васвасани ҳайдаш учун таҳоратдан кейин этакка (ич кийимга) бир оз сув сепишдир. Чунончи, бу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг кўпидаги лафзлар шунга далолат қилади».
Бу ҳадис ғариб. Муҳаммад (Ал-Бухорий)дан эшитдим, дедики, «Ҳасан ибн Ал-Ҳошимийнинг ҳадиси мункардир (рад қилингандир)».
Бу бобда Абул-Ҳакам ибн Суфён, Ибн Аббос, Зайд ибн Ҳориса, Абу Саъид Ал-Худрий (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Баъзи муҳаддислар Суфён ибн Ал-Ҳакам ибн Суфён, дейишиб, бу ҳадисда чалкашликка тушганлар.
Дўстларигиз билан улашинг!