Кусуф намози (қуёш ёки ой тутилганда ўқиладиган намоз)
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қуёш тутилди ва шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан намоз ўқидилар. Қироатни узоқ чўздилар, кейин рукуъ қилдилар ва рукуъни узоқ чўздилар, кейин (рукуъдан) бошларини кўтардилар ва қироатни чўздилар, аммо олдингисидан кўра қисқароқ қилдилар; кейин рукуъ қилдилар ва рукуъни чўздилар, аммо олдингисидан кўра қисқароқ қилдилар; (рукуъдан) бошларини кўтардилар ва (изидан) саждага бордилар. Кейин иккинчи ракъатда (ҳам) худди шундай қилдилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ шу ҳадисни эгаллаб, кусуф намози (икки ракъатда) тўрт сажда муқобилида тўрт рукуъ тарзида ўқилади, деб қарайдилар. Имоми Шофиъий айтади:
«Биринчи ракъатда «Фотиҳа»ни ва «Бақара» сурасига яқин бир сурани, кундуз куни бўлса, ичида ўқийди, кейин худди қироатдек узоқ рукуъ қилади; кейин такбир айтиб (рукуъдан) бошини кўтаради, яна боягидек тик турган ҳолда «Фотиҳа»ни ва «Оли Имрон»га яқин бир сурани ўқийди, кейин қироатдек узоқ рукуъ қилади, кейин (рукуъдан) бошини кўтаради ва «Самиъаллоҳу ли ман ҳамидаҳ» дейди, кейин икки тўлиқ-тўкис сажда қилади ва саждада рукуъда қолган миқдорича қолади; кейин қиёмга туриб «Фотиҳа»ни ва «Ан-Нисо» сурасича бир сурани ўқийди, кейин қироатидек узоқ рукуъ қилади, кейин такбир айтиб бошини (рукуъдан) кўтаради ва тик туради, кейин «Ал-Моида» сурасича бир сурани ўқийди ва қироатидек узоқ рукуъ қилади, кейин «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деб тик туради, кейин икки сажда қилади, кейин ташаҳҳуд ўқийди ва салом беради».