Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш тутилганда (кусуф) намоз(и) ўқидилар: қироат қилдилар, кейин рукуъга бордилар; кейин қироат қилдилар, кейин рукуъга бордилар; кейин қироат қилдилар, кейин рукуъга бордилар; кейин икки марта сажда қилдилар. Иккинчи ракъатини ҳам худди шундай ўқидилар».

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф намозини икки ракъат ўқиганларини ва ҳар ракъатида уч рукуъ ва икки сажда қилганларини маълум қилмоқда. Бу ҳадис Муслим томонидан ҳам тахриж этилган ва Муслимнинг ривоятида рукуълар саноғида ортиқлик бор.

Бу бобда Али, Оиша, Абдуллоҳ ибн Амр, Ан-Нуъмон ибн Башир, Ал-Муғийра ибн Шуъба, Абу Масъуд, Абу Бакр, Самура, Ибн Масъуд, Асмо бинти Абу Бакр, Ибн Умар, Кабиса Ал-Ҳилолий, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Мусо, Ал-Ашъарий, Абдурраҳмон ибн Самура ва Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.

Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.

(Тағин) Ибн Аббос орқали Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Кусуф намози ўқиганлари ва тўрт сажда муқобилида тўрт рукуъ қилганлари» ривоят қилинган. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.

Ибн Аббоснинг бу ҳадисини Имом Ал-Бухорий ва Муслим тахриж қилганлар. Ан-Нававий бу ҳадис шарҳида бунда дейди: «Бунинг сифати ҳақида ихтилоф қилинди. Машҳур бўлгани - Шофиъий мазҳабида - кусуф намози икки ракъатдир ва ҳар бир ракъатида икки қиём, икки қироат ва икки рукуъ бор. Саждаларга келсак, саждалари бошқа намозларда бўлганидек, икки саждадир».

Илм аҳллари кусуф намозининг қироати масаласида ихтилоф қилдилар. Баъзилари кундузги ўқиладиган кусуф намозида қироат махфий (ичда) ўқилади, деган фикрга эга бўлдилар. Баъзилари эса ҳайит ва жумъа намозларида бўлганидек, қироат жаҳрий (овоз чиқариб) қилинади, деган фикрдалар. Имоми Шофиъий «Кусуф намозида жаҳрий ўқилмайди», деди.

Ҳар икки ривоят ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ тарзида собитдир: Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт сажда муқобилида тўрт рукуъ қилганлари саҳиҳ тарзида ривоят қилинган, шунингдек, тўрт ракъат сажда муқобилида олти рукуъ қилганлари ҳам саҳиҳ тарзида ривоят қилинган. Илм аҳлларининг фикрига кўра, бу намозни кусуфнинг (қуёш ёки ой тутилишнинг) миқдорига қараб ўқимоқ жоиз. Агар кусуф (қуёш ёки ой тутилиши) чўзилса, тўрт сажда муқобилида олти рукуъ қилади ва бу жоиздир. Агар (бу аҳволда) тўрт сажда муқобилида тўрт рукуъ қилса, (унда) қироатни чўзади ва бу (ҳам) жоиз.

Биродарларимиз (Ат-Термизий муҳаддисларни кўзда тутмоқдалар) қуёш ёки ой тутилганда кусуф намози жамоат билан ўқилади, деган фикрдалар.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш