Истисқо (ёмғир сўраш) намози
Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Кинонадан ривоят қилинди; айтди: «Мадинанинг амири (волийси) Валид ибн Уқба мени Ибн Аббосга жўнатди, у кишидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёмғир дуоларини сўрашим керак эди. У кишининг ҳузурига етиб келдим, шунда бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мубтазал (хор-ҳақир) қиёфада, тавозуъ ва тазарруъ ҳолатида очиқ ҳаво намозгоҳига чиқдилар. Сизларнинг бу хутбаларингиздек хутба айтмадилар. Ва лекин дуода, тазарруъ ва такбирда давом этдилар ва худди ҳайитда ўкиган намозларидек икки ракъат намоз ўқидилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Маҳмуд ибн Ғайлон, Вакиъ орқали Суфёндан, Ҳишом ибн Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Кинонадан бизга хабар қилиб, ўтган ҳадиснинг айни ўзини зикр этди ва унда «Мутахошшаъан», яъни «Хушуъ ҳолида» деган сўзни қўшимча қилди.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Шофиъийнинг қавли шу; айтадики, «Истисқо (ёмғир дуоси) намозини ҳайит намозидек ўқийди; биринчи ракъатда етти такбир ва иккинчи ракъатда беш такбир айтади». Шофиъий, Ибн Аббоснинг ҳадиси билан истидлол қилаётир. Молик ибн Анасдан бундай деб айтгани ривоят қилинди: «Истисқо намозида ҳайит намозидагидек такбир айтмайди».