Истисқо (ёмғир сўраш) намози
Абул-Лаҳм (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «У(Абул-Лаҳм) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Аҳжаруз-зайтда кўрдики, қўлларини кўтариб, ёмғир тилаб, дуо қилар эдилар».
Аҳжаруз-зайт - Мадинанинг Ал-Ҳарро туманидаги бир жойнинг номи. Тошлари қора ва ялтироқ бўлгани учун бу ерни Аҳжаруз-зайт (ёғли тошлоқ) деб атаганлар.
Қутайба шу йўсин бу ҳадисда «Абул-Лаҳмдан» деди. Абул-Лаҳмнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривояти сифатида битта шу ҳадисни билмоқдамиз.
Абул-Лаҳм - эски бир саҳоба, гўшт емагани учун уни Абу-Лаҳм («гўшт емас» маъносида) деб аташган. Ҳунайн ғазотида шаҳид бўлган бу зотнинг исми - Абдуллоҳ ибн Абдулмалик.
Абул-Лаҳмнинг мавлоси Умайр Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутааддид ҳадислар ривоят қилган бўлиб, ўзи саҳобадир.