(сафарда) икки намозни жамъ қилмоқ (қўшиб ўқимоқ)
Муъоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотида эканликларида кун оғишидан олдин қўзғалсалар, пешинни кейинга суриб асрга улаб, иккисини бирга қўшиб (жамъ қилиб) ўқир эдилар. Ва агар қуёш оғишидан кейин қўзғалсалар, асрни олдинроққа суриб, пешинга улаб, пешин билан асрни қўшиб (жамъ қилиб) ўқир эдилар, кейин юрар эдилар. Агар шомдан олдин қўзғалсалар, шомни кейинга суриб, хуфтон билан бирга қўшиб ўқйр эдилар. Ва агар шомдан кейин қўзғалсалар, хуфтонни олдинга суриб, шом билан бирга қўшиб ўқир эдилар».
Бу бобда Али, Ибн Умар, Анас, Абдуллоҳ ибн Амр, Оиша, Ибн Аббос, Усома ибн Зайд ва Жобир (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Али ибн Ал-Мадиний бу ҳадисни Аҳмад ибн Ҳанбал орқали Қутайбадан ривоят қилди.
Муъознинг ҳадиси ҳасан-ғариб.
Бу ҳадисни ёлғиз Қутайба ривоят қилган. Ундан ташқари бу ҳадисни Ал-Лайсдан ривоят қилган бошқа кишини билмаймиз. Чунончи Ал-Лайснинг Язид ибн Аби Ҳабибдан, Абут-Туфайлдан, Муъоздан қилган ривояти ғариб. Чунки, муҳаддислар фикрича, маъруф бўлмиш ривоят - Абуз-Зубайрнинг Абут-Туфайл воситасида Муъоздан қилган ушбу ҳадис ривоятидир: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотида пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни бирга қўшиб (жамъ қилиб) ўқидилар». Бу ҳадисни Қурро ибн Холид, Суфён Ас-Саврий, Молик ва бошқалар Абуз-Зубайр Ал-Маккийдан ривоят қилдилар.
Имоми Шофиъий бу ҳадисни қабул қилган. Аҳмад ва Исҳоқ бундай дейдилар: «Сафарда икки намоздан биттасини (олдинга олмоқ ёки кейинга сурмоқ тарзида) бир вақтда - икки намозни бирга қўшиб ўқимоқликда зарар йўқ».
Ҳофиз Ибнул-Ҳажар «Фатҳ-ул-борий»да бундай дейди: «Саҳоба ва тобиъийндан бир қанчалари ва фақиҳлардан Ас-Саврий, Шофиъий, Аҳмад ва Ашҳаб сафарда қатъиян жамъ қилмоқ жоиз эканини айтдилар». Яъни хоҳ юраётган ҳолда, хоҳ қўнган пайтда бўлсин, хоҳ тез ва хоҳ табиий юришда бўлсин, икки вақт намози жамъ қилиб (қўшиб) ўқилади, деган фикрдалар. Ҳофиз Ибнул-Ҳажар шундан сўнг бундай дейди: «Бир тоифа (олимлар) эса Арофат ва Муздалифадан бошқа ҳеч бир жойда ва ҳеч бир ҳолда жамъ қилмоқ жоиз эмас, деб ҳисоблайдилар. Ал-Ҳасан, Ан-Наҳоий, Абу Ҳанифа ва соҳибайн (икки биродари)нинг қавли шудир.
Баъзилари эса сафарда жамъ қилмоқ тез юришга мажбур бўлган кишига хос эканини айтади. Ал-Лайснинг қавли шу. Имоми Моликнинг ҳам машҳур бўлган қавли шу. Баъзилари эса, жамъ қилмоқ йўл юраётган кишига хос бўлиб, қўнган пайтда жамъ қилмайди, деган фикрга эга бўлган. Баъзилар эса, фақтагина жамъи таъхир жоиз эканлигини, жамъи тақдим эса жоиз эмаслигини айтади. Ибн Ҳазм, Молик ва Аҳмаддан ривоят қилинган шу қавлни ихтиёр этади. (Илова: Икки вақт намозларини жамъ қилиб ўқиш имом Шофиъий мазҳабидагилар учундир. Ҳанафий мазҳабидагилар эса намозларини зарурат юзасидан Ҳаж мавсуми (яъни Арофат ва Муздалифа)дагина жамъ қилиб ўқий оладилар).