Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай таҳорат олганлар?
Абу Ҳаййа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у деди: «Али (розияллоҳу анҳу)нинг таҳорат олганини кўрдим: кафтларини токи топ-тоза бўлгунича ювди, кейин уч марта мазмаза қилди (оғиз чайқади), уч марта истиншоқ қилди (бурунга сув олиб қоқди), уч марта юзларини ювди, уч марта қўлларини (тирсаклари билан қўшиб) ювди, бир марта бошига масҳ тортди, кейин оёқларини тўпиқлари билан ювди, кейин ўрнидан тураётиб таҳоратдан ортган сувни олди, тик туриб ичди; кейин бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай таҳорат олишларини сизларга кўрсатгим келди».
Бу бобда Усмон, Абдуллоҳ ибн Зайд, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр, Ар-Рубаййиъ, Абдуллоҳ ибн Унайс ва Оиша (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Абду Хайр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: у Абу Ҳаййанинг Ҳазрати Алидан ривоят қилган ҳадисини айнан нақл этади, фақат Абду Хайр (ҳадис охирида) бундай дейди: «Таҳоратдан фориғ бўлгач, таҳоратдан ортган сувдан кафтига олиб ичди».
Абу Исҳоқ Ал-Ҳамдоний, Ҳазрати Алининг бу ҳадисини, Абу Ҳаййа, Абул-Хайр ва Ал-Ҳориснинг ҳар биттаси орқали Ҳазрати Алидан ривоят қилган. Қудамо ва яна бошқалар Холид ибн Алқамадан, Абду Хайрдан, Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)дан таҳорат ҳадисини тўлиқ матни билан ривоят қилишган.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Шуъба шу ҳадисни Холид ибн Алқамадан ривоят қилади. Аммо ҳадисни ривоят қилган кишининг исми ва отасининг исмида янглишгани учун бундай дейди: «Молик ибн Урфутадан, Абду Хайрдан, Ҳазрати Али-дан...».
Абу Авонанинг ривоятида «Холид ибн Алқамадан, Абду Хайрдан, Ҳазрати Алидан» дегани ривоят қилиниши билан бирга, худди Шуъбадек, у ҳам «Молик ибн Урфута»дан дегани алоҳида ривоят қилинган. Тўғриси «Холид ибн Алқама»дир.