Намоз қанча муддат қаср ўқилмоғи
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда Мадинадан Макка сари (йўлга) чиқдик, шунда икки ракъат ўқидилар. (Ровий) Абу Исхоқ Ал-Ҳазрамий айтади: «Анасга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада қанча турдилар?» дедим. «Ўн (кун)», деди».
Бу бобда Ибн Аббос ва Жобир (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган. Анаснинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Ибн Аббос орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан, сафарларининг айримларида (бир жойда) ўн тўққиз кун қолганлари ҳолда икки ракъат ўқиганлари ривоят қилинган. Ибн Аббос бундай дейди: «Бир ерда ўн тўққиз кун қолсак, икки ракъат ўқиймиз. Агар иқоматимиз (яшаб қолиш муддатимиз) бу муддатдан ўтса, унда намозни тўлиқ ўкиймиз».
Али (розияллоҳу анҳу)дан бундай деганлари ривоят қилинди: «Ўн кун бир жойда яшаб қолса, намозни тўлиқ ўқийди».
Ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) бундай дегани ривоят қилинди: «Ўн беш кун (бир жойда) яшаб қолса, намозни тўлиқ ўқийди». Ибн Умардан ўн икки кун деб ҳам ривоят қилинган.
Саъид ибн Ал-Мусаййибнинг бундай дегани риво-ят қилинди: «Тўрт кун (бир ерда) яшаб қолса, тўрт ракъат ўқийди». Буни Саъид Ал-Мусаййибдан Қатода ва Ато Ал-Хуросоний ривоят қилганлар. Довуд ибн Абу Ҳинд эса ундан бошқача тарзда ривоят қилади. Бас, илм аҳллари бу масалада ихтилоф қилдилар. Суфён Ас-Саврий ва Куфа аҳли, қаср ўқиш муддатини ўн беш кун деб белгилаш жиҳатига соҳиб бўлдилар ва айтдиларки, «Ўн беш кун яшаб қолмоқни қатъий тарзда ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди».
Ал-Авзоий айтади: «Ўн икки кун яшаб қолмоқни қатъий ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди».
Молик, Шофиъий ва Аҳмад бундай дейдилар: «Тўрт кун яшаб қолмоққа қатъий ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди».
Исҳоққа келсак, бу масалада у Ибн Аббоснинг ҳадисини йўлларнинг энг қувватлиси деб қарайди ва бундай дейди: «Чунки Ибн Аббос бу ҳадисни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ва Расули Акрамдан кейин уни тааввул (таҳвил этиб амалга тадбиқ) қилгандир: ўн тўққиз кун яшаб қолмоқни қатъий ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди».
Кейин илм аҳллари яшаб қолишга ният қилмаган мусофир, бошидан (неча) йиллар ўтса ҳам, намозни қаср ўқимоғи борасида иттифоқ қилдилар.