Ҳайит намозларидан олдин ҳам, кейин ҳам намоз йўқ!
Адий ибн Собитдан ривоят қилинди; айтди: «Саъид ибн Жубайрдан эшитдим, Ибн Аббосдан нақл этиб, «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ҳайитида намозгоҳга чиқдилар-да, икки ракъат намоз ўқидилар. Бу намоздан на олдин, на кейин (бошқа) намоз ўқиганлари йўқ» деб ҳадис сўзлади».
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Амр ва Абу Саъид (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ шу қавлга эга бўлганлар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари эса ҳайит намозларидан олдин ва кейин намоз бор, деган фикрдалар. Аммо биринчи қавл саҳиҳроқ.