Ҳайит намозларидаги қироат
Ан-Нуъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ҳайит (Рамазон ва Қурбон ҳайити) намозларида ҳамда жумъа намозида («Ал-аъло») билан «Ғошияҳ» сураларини ўқир эдилар. Баъзан иккаласи (ҳайит ва жумъа намози) бир кунга тўғри келиб қолар ва шунда ҳам (Жаноби Расулуллоҳ) шу икки сурани ўқир эдилар».
Бу бобда Абу Воқид, Самура ибн Жундуб ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Ан-Нуъмон ибн Баширнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Суфён Ас-Саврий ва Мисъор, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ал-Мунташирдан шу тарзда, Абу Авонанинг ривоятидек, ривоят қилдилар. Ибн Уйайнанинг ривояти эса бошқача. Ибн Уйайна, Абу Авонадан, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ал-Мунташирдан, унинг отасидан, Ҳабиб ибн Солимдан, унинг отасидан, Ан-Нуъмон ибн Баширдан ривоят қилади. Чунончи, Ҳабиб ибн Солимнинг ўз отасидан ривоят қилгани маълум бўлмаётир. Ҳабиб ибн Солим - Ан-Нуъмон ибн Баширнинг мавлосидир. У Ан-Нуъмон ибн Баширдан бир қанча ҳадис ривоят қилган. Ибн Уйайна орқали Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ал-Мунташирдан (худди) уларнинг ривоятидек ҳам ривоят қилинди.
«Улар» деганда Абу Авона, Суфён Ас-Саврий ва Мисъорни кўзда тутганлар. Бу зотларнинг ривоятига кўра санадда Ҳабиб ибн Солим билан Ан-Нуъмон ибн Башир орасида «унинг отасидан» деган қайд йўқ. Яъни Ҳабиб ибн Солим бу ҳадисни Ан-Нуъмондан, отаси орқали эмас, тўғридан-тўғри ривоят қилган. Ибн Уйайна эса, бир ривоятда ҳадиснинг иснодида «отасидан» деган қайдни зикр этиб ва иккинчи бир ривоятда исми кечган зотларга мувофақат қилиб бу қайдни кўтарган.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намозларида «Қоф» ва «Ал-қамар» сураларини ўқиганлари ҳам ривоят қилинмоқда. Шофиъийнинг қавли шудир.