Жумъа куни сафарга чиқмоқ
Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Равоҳани бир сариййа (кичик отлиқ лашкар)га бошлиқ қилиб жўнатдилар, бу иш жумъа кунига тўғри келиб қолди. Унинг биродарлари эрта тонгдан жўнаб кетишди. Ўзи эса, орқада қолиб, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга (жумъа) намоз(и)ни ўқийман-да, кейин уларга етиб оламан», деди. (Шундай қилиб), у Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намозни ўқиди. Расули Акрам уни кўриб: «Биродарларинг билан бирга йўлга чиқмоқдан сени нима тўсди?» дедилар. (Абдуллоҳ ибн Равоҳа): «Сиз билан бирга намозни ўқигим келди. Кейин уларга етиб олмоқчи эдим» - деди. Шунда (Расули Акрам): «Агар ер юзидаги бор нарсаларни инфоқ қилсанг ҳам, уларнинг эрта кетишлари фазлига ета олмайсан!» -дедилар.
Бу ҳадисни ёлғиз шу важҳдан билмоқдамиз.
Али ибн Ал-Маданий, Яҳё ибн Саъид орқали Шуъбадан нақл этиб, бундай деди: «Ал-Ҳакам Миқсамдан атиги бешта ҳадис эшитган». Шуъба ўша ҳадисларни санадики, бу ҳадис Шуъба санаган ҳадислар орасида йўқ эди. Ал-Ҳакам бу ҳадисни Шуъбадан эшитмагани англашилади. Илм аҳллари жумъа куни сафарга чиқмоқ масаласида ихтилоф қилдилар. Баъзилари, жумъа намозининг вақти кирмасдан олдин сафарга чиқмоқ зарарсиз, деб қарайдилар. Баъзилари эса: «Тонгга кирса (тонгни оттирган бўлса), жумъани ўқимасдан олдин чиқмайди», дейди.