Жумъадан олдин ва жумъадан кейин ўқиладиган намоз
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сизлардан кимки жумъа (намози)дан кейин намоз ўқийдиган бўлса, тўрт ракъат ўқисин!».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Ал-Ҳасан ибн Али, Али ибн Ал-Маданий орқали Суфён ибн Уйайнадан нақл этиб, бизга баён қилди; Суфён айтдики, «Суҳайл ибн Аби Солиҳни ҳадисда сабт (мустаҳкам) киши сифатида қабул қилар эдик». Бу ривоят ҳасан.
Баъзи илм аҳлларининг амали (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган) шу ҳадис асосидадир. Абдуллоҳ ибн Масъуддан, жумъа(нинг фарзи)дан олдин тўрт ракъат ва жумъадан кейин тўрт ракъат намоз ўқигани ривоят қилинган. Али ибн Абу Толиб, жумъа намозидан кейин икки ракъат ва изидан тўрт ракъат ўқимоқни амр қилганлари ривоят этилади.
Суфён Ас-Саврий ва Ибнул-Муборак Ибн Масъуднинг қавлига эга бўлганлар.
Исҳоқ: «Жумъа куни масжидда ўқиса - тўрт ракъат; уйида ўқиса - икки ракъат ўқийди» дейди ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъадан кейин уйларида икки ракъат ўқиганларига доир ҳадис билан, «Сизлардан кимки жумъа (намози)дан кейин намоз ўқийдиган бўлса, тўрт ракъат ўқисин!» деган ҳадисни далил қилиб кўрсатади.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жумъа (намози)дан кейин икки ракъат ўқиганларини ривоят қилган киши Ибн Умарнинг ўзидир. Ва Ибн Умар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин, жумъанинг (фарзи) изидан икки ракъат ва бу икки ракъатнинг орқасидан тўрт ракъат ўқиган. Буни бизга Абу Умарнинг ўғли, Суфёндан, Ибн Журайждан, Атодан нақл этиб, сўзлаб берди; Ато айтдики, «Ибн Умарни кўрдим; жумъадан кейин икки ракъат ва унинг изидан тўрт ракъат ўқиди».
Саъид ибн Абдурраҳмон Ал-Маҳзурий, Суфён ибн Уйайна орқали Амр ибн Динордан нақл этиб, бизга баён қилди; Амр айтдики, «Ҳадисда Аз-Зуҳрийдан кўра қаттиқ кишини кўрмадим. Пулни ундан кўра паст тутадиган кишини ҳам кўрмадим. Бинобарин, пул унинг наздида гўё ҳайвон тезагидек эди».
Ибн Абу Умардан эшитдим, Суфён ибн Уйайнанинг «Амр ибн Динор Аз-Зуҳрийдан кўра ёши улуғроқ эди», деганини айтиб берди.