Имом минбардан тушгандан кейин сўзлашмоқ
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушганларида, ҳожат (зарурат) бўлса, сўзлашар эдилар».
Бу ҳадисни ёлғиз Жарир ибн Ҳозимнинг ривоятидан билаётирмиз. Муҳаммад (Ал-Бухорий)дан эшитдим; айтди: «Жарир ибн Ҳозим бу ҳадисда ваҳмга тушган (янглишган). Саҳиҳ ривоят (тағин) Собит орқали Анасдан келган ривоятдирки, ўша ривоятда бундай дейилади: «Намозга иқомат айтилди ва шу аснода бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини тутиб, ҳатто қавмдан айримларини уйқу босгунича сўзлашиб турди». Муҳаммад (Ал-Бухорий) «Ҳадис (аслида) ана шу!» деди.
Жарир ибн Ҳозим баъзан бирор нарса борасида ваҳмга тушади (янглишади), аммо ҳақиқатан тўғри киши. Муҳаммад айтади: «Жарир ибн Ҳозим, Собитнинг Анас орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган: «Намозга иқомат айтилганида токи мени кўрмагунча (ўринларингиздан) турмангизлар» деган ҳадисда ҳам ваҳмга тушган (янглишган)». Муҳаммад, Ҳаммод ибн Зайддан бундай деб ривоят қилинганини айтади: «Собит Ал-Буноънинг олдида эдик, Ҳажжож Ас-Совваф Яҳё ибн Аби Касирдан, Абдуллоҳ ибн Аби Қатодадан, унинг отасидан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Намозга иқомат айтилганида токи мени кўрмагунча (ўринларингиздан турмангизлар») деган ҳадисни ривоят қилди; Жарир ваҳмга берилиб, бу ҳадисни Собит Анас орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан уларга баён этди, деб гумон қилди».