Жумъа куни сафлардан (елкалардан) ошиб ўтмоқ кароҳат эканлиги
Муъоз ибн Анас Ал-Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки жумъа куни одамларнинг елкаларидан ошиб ўтса, жаҳаннам сари бир кўприк қурган бўлур».
Одамларнинг елкалари устидан ҳатлаб, сафларни ошиб ўтмоқ фақат жумъа куни эмас, бошқа кунларда ҳам, ҳатто илм, ваъз ва иршод мажлисларида ҳам макруҳдир. Чунки, кароҳатнинг сабаби - мусулмонларга азият берилмоғидирки, бундай азиятни етказмоқ бояги ҳолатларда ҳам мавжуддир. Фақат издиҳом ва гавжумлик жумъа куни бошқа кунлардагидан ортиқ бўлгани учун ҳадисда жумъа куни деб махсус зикр қилинган.
Бу бобда Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган. Муъоз ибн Анас Ал-Жуҳанийнинг ҳадиси ғариб. Бу ҳадисни ёлғиз Ришдийн ибн Саъднинг ривоятидан билаётирмиз.
Илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир. Жумъа куни мусулмонларнинг елкаларидан ошиб ўтмоқни макруҳ кўрганлар ва бу хусусда қаттиқ кетганлар.
Баъзи муҳаддислар Ришдийн ибн Саъд ҳақида (танқидий) сўз қилганлар ва хотираси жиҳатдан унинг заиф эканини қайд этганлар.