Имом хутба айтаётганда келган киши икки ракъат намоз ўқимоғи масаласи
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривдят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа куни хутба ўқиётган эдилар, бир киши келиб қолди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: «Намоз ўкидингми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Унда туриб намоз ўқиб ол!» дедилар.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Бу саҳиҳ ҳадисга эҳтиром сақлаган ҳолда мужтаҳидлар бундай деб иттифоқ қилганлар: «Ҳар вақт имом минбарга хутба учун чиқса, намози нафл ўқимоқ ҳаром бўлгай. Лекин «Хулоса»да имом хутба ўқимоқ учун минбарга чиққанда намози нафл ўқимоқ ҳаром эмас, макруҳдир. Бу мужтаҳидларнинг иттифоқи билан дейилибдир. Чунончи, «Жомиъур-румуз»да мазкурдир. Ва агар имом минбарга чиқмасдан илгари намозни бошлаган бўлса, бир ракъат ўқигандан кейин имом минбарга чиқса, иккинчи ракъатни ўқиб, салом бергай. Агар учинчи ракъатни ўқиб турган бўлса, имом минбарга чиқса, тўрт ракъатни тамом қилгай. Чунончи «Шарҳи илёс»да мазкурдир». («Мухтасар-ул-виқоя» шарҳидан, 196-саҳифа).
Абу Саъид Ал-Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Жумъа куни Марвон хутба ўқиётган эди, Абу Саъид Ал-Худрий масжидга кирди-да, намозга турди. Қўриқчилар уни ўтирғизмоқчи бўлиб келишди. У эса унамай намозини ўқиб олди. Тугагач, унинг ёнига бордик-да, «Аллоҳ сенга раҳм қилди, таъзирингни беришларига сал қолди», дедик. Шунда у бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрган нарсамдан кейин бу икки ракъатни тарк этувчи эмасман». Кейин у, жумъа куни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба ўқиб турганларида хароб аҳволда бир киши кириб келганини, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга намоз ўқишни амр қилганлари ва жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба айтаётган пайтларида у икки ракъат намоз ўқиб олганини зикр қилди».
Ибн Аби Умар айтади: «Ибн Уйайна, Имом хутба ўқиётган пайтда келса, икки ракъат намоз ўқирди ва шундай қилинмоғини амр этарди. Қуръон муаллими Абдурраҳмон* ҳам шу фикрда эди».
* Бухорийнинг илғор устозларидан бўлган бу зот Басрадан ёки Аҳвоздандир. Ишончли ва фазилатли бир киши эди. Етмиш йилдан ортиқроқ Қуръон таълим қилган. («Ат-такриб»).
Ибн Аби Умардан эшитдим, Ибн Уйайнадан нақл этиб айтдики, «Муҳаммад ибн Ажлон - ҳадисда сиқа (ишончли) ва амин кишидир».
Бу бобда Жобир, Абу Ҳурайра ва Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган. Абу Саъид Ал-Худрийнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Айрим илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шудир. Баъзилари эса бундай дейди: Имом хутба айтаётган пайтда масжидга кирса, ўтиради, намоз ўқимайди». Суфён Ас-Саврий ва Куфа фақиҳларининг қавли шудир. Биринчи қавл саҳиҳроқ.
Қутайба бизга Ал-Аъло ибн Холид Ал-Курашийдан баён қилди; айтди: «Ҳасан Ал-Басрий (ҳазратлар)ини кўрдим, жумъа куни имом хутба айтаёттан маҳалда масжидга кирдилар-да, икки ракъат намоз ўқиб, кейин ўтирдилар».
Ҳасан Ал-Басрий бу ишни фақат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига иттибоъ қилмоқ (эргашмоқ) учун бажардилар. Бу ҳадисни Жобир воситасида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган киши ўша кишидир.