Минбар устида хутба ўқилмоғи
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир хурмо ёғочи (устуни)га суяниб туриб хутба айтар эдилар. Минбар тутган (кун)ларида ўша устун (аламидан) ун чекиб йиғлади. Ҳатто Расули Акрам уни қучоқлаб турдилар, шундагина устун юпанди...».
«Мувоҳаб» номли китобда айтилади: «Аллоҳ таоло бу ёғочга жон бериб, тиргизди. Расулуллоҳ (с.а.в.) фироқида тирик кишидек товуш чиқариб йиғлади...» Шундан сўнг бу устун «Ҳаннона» («Йиғловчи») деб ном олган. Расуллоҳ (с.а.в.)нинг ушбу сўзлари зикр қилинади: «Қасам Аллоҳгаки, бунинг йиғисини ўзим келиб тўхтатмасам, Қиёматгача шу аҳволда бўзлаб йиғлар эди».
Бу бобда Анас, Жобир, Саҳл ибн Саъд, Убай ибн Каъб, Ибн Аббос ва Умму Салама (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Умарнинг ҳадиси ҳасан-ғариб-саҳиҳ.
Муъоз ибн Ал-Аъло Басралик бўлиб, Абу Амр ибн Ал-Аълонинг биродаридир.