Жумъага қанча масофадан келинади?
Сувайрнинг отаси (Абу Фоҳита Саъид ибн Улайқа)дан ривоят қилинди; у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан эди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга жумъага Қубодан қатнамоғимизни амр қилдилар».
Бу ҳадисни ёлғиз шу важҳдан билаётирмиз. Бу бобда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор саҳиҳ ҳадис ривоят қилинмаган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деб айтганлари ривоят қилинди: «Шом оиласига қайтарган (кеч тушмасдан уйига қайтиб кела оладиган) кишига жумъа вожибдир». Бу ҳадиснинг ҳам санади заиф. Чунки ёлғиз Муориқ ибн Аббоснинг - Абдуллоҳ ибн Саъид Ал-Мақбурийдан қилган ривоятидан келаётир. Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттон, Абдуллоҳ ибн Саъид Ал-Мақбурийнинг ҳадисда заиф эканини қайд этган.
Илм аҳллари, жумъа кимнинг зиммасида вожиб эканлиги масаласида ихтилоф қилдилар. Баъзиси: «Шом тушмасдан уйига қайта оладиган кишига вожиб» деди, баъзиси эса: «Жумъа фақатгина азонни эшита оладиган кишиларнинг бўйнида вожиб бўлади», дейди. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.
Аҳмад ибн Ал-Ҳасандан эшитдим; айтдики, «Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ёнида эдик. Жумъа кимга вожиб эканлиги масаласи ўтди. Аҳмад Ибн Ҳанбал бу масалада Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса (ҳадис) зикр қилмади». Аҳмад ибн Ал-Ҳасан айтади: «Шунда (мен) Аҳмад ибн Ҳанбалга: «Бу масалада Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) орқали Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривоят қилинди» дедим. Аҳмад ибн Ҳанбал: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламданми?» деди. «Ҳа, - дедим. - Ал-Ҳажжож ибн Нисойр, Муориқ ибн Аббосдан, Абдуллоҳ ибн Саъид Ал-Мақбурийдан, унинг отасидан, Абу Ҳурайрадан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бизга баён қилди; (Расули Акрам) айтдиларки, «Шом оиласига қайтарган (кеч тушмасдан уйига қайтиб кела оладиган) кишига жумъа вожибдир»... Шунда Аҳмад мендан хафа бўлди ва: «Раббингга тавба қил! Раббингга тавба қил!» деди... Аҳмад ибн Ҳанбалнинг унга нисбатан бундай муомалада бўлганининг ягона сабаби шуки, Аҳмад бу ҳадисни бирор нарса ҳисобламайди ва иснодидаги аҳвол туфайли уни заиф деб билади.