Жумъага эртароқ ҳаракат қилмоқ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки жумъа куни худди жунубликда ғусл қилгандек ғусл қилса-да, биринчи соатда (биринчи бўлиб) масжидга борса, худди бир туя қурбонлик қилгандек бўлур. Кимки иккинчи соатда (иккинчи бўлиб) борса, худди бир сигир қурбонлик қилгандек бўлур. Кимки учинчи соатда (учинчи бўлиб) борса, худди бир каттакон қўчқор қурбонлик қилгандек бўлур. Кимки тўртинчи соатда (тўртинчи бўлиб) борса, худди бир товуқ сўйиб садақа қилгандек бўлур. Кимки бешинчи соатда (бешинчи бўлиб) борса, худди бир тухум садақа қилгандек бўлур. Имом минбарга чиққач, малоикалар хутбани тингламоқ учун ҳозир бўлгайдирлар».
Имоми Молик мазҳабига кўра ҳадисда айтилган «соат»лардан мурод - қуёшнинг завол вақтидан кейинга қисқа вақт бўлакларидир. Моликнинг биродарлари, Қози Ҳусайн ва Имом-ул-ҳарамайн ҳам шу қавлга эга бўлганлар. (Бу ўринда якка-якка ҳолда биринчи ва иккинчи бўлиб бориш маъноси эмас, балки ўша «соатда», - яъни вақтнинг ўша муайян балки ўн киши борса ҳам, ўша соатда ўша савобни топади). Уларнинг, фикрича «равоҳ» деб заволдан кейин бўладиган бориш айтилади. Бу сўзнинг луғавий маъноси шу деб айтмоқдалар. Жумҳур уламонинг фикрича, жумъага куннинг бошидан ҳаракат қилмоқ - мустаҳаб. «Равоҳ» (бориш, равона бўлиш) - заволдан олдин ҳам, кейин ҳам бўлаверади. Ал-Азҳарий айтади: «Хоҳ кундузнинг аввалида, хоҳ охиридаа, хоҳ кечқурун бўлсин, «равоҳ» -араб тили луғатида - бормоқ (равона бўлмоқ) маъносидадир». Тўгри таъриф шудир, ҳадис ва маъно шуни тақозо қилмоқда. Чунки, агар фақат заволдан кейинги бориш «равоҳ» дейилса, унда заволдан кейинги келишининг бирор фазилати йўқ. Зеро, заволнинг изидан азон айтиладики, азондан кейин кечга қолмоқ, асосан, ҳаром.
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Амр ва Самура (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган. Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.