Жумъа куни таҳорат билан кифояланмоқ
Самура ибн Жундуб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки жумъа куни таҳорат олса, бу етарли ва жуда яхшидир. Кимки ғусл қилса, бас, ғусл афзалрокдир».
Бу бобда Абу Ҳурайра, Анас ва Оиша (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Самуранинг ҳадиси ҳасан. Қатоданинг биродарларидан баъзиси бу ҳадисни Қатодадан, Ал-Ҳасандан, Самурадан ривоят қилди. Баъзиси эса: «Қатодадан, Ал-Ҳасандан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан» деб мурсал тарзида ривоят қилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир. Жумъа куни ғусл қилмокни ихтиёр этмоқ билан бирга бу кунда чўмилмоқнинг ўрнига таҳорат билан кифояланмоқни жоиз деб ҳисоблайдилар.
Шофиъий айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғусл қилмоқ борасидаги амрлари вожиб даражасида бўлмасдан, ихтиёрийлик асосида эканлигига далолат қиладиган ҳадислардан бири ҳам Ҳазрати Умарнинг ҳадисидир».
Чунончи, у киши Ҳазрати Усмонга «Фақат таҳорат холосми? Ахир, сиз биласиз-ку, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғусл қилмоқни буюрганлар», деб айтганлар. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари ихтиёрийлик асосида эмас, балки вожиблик асосида, деб билсалар эди, (Ҳазрати) Умар (Ҳазрати) Усмонни орқага қайтармасдан қўймас эдилар, у зотга: «Қайтинг, ғусл қилинг!» дер эдилар. Ҳазрати Усмоннинг ўзларига ҳам бу масала махфий қолмасди. Бинобарин, бу ҳадисда, мусулмон киши қилиши зарур бўлган бир вожиб амал йўқлигига, балки жумъа куни ғусл қилмоқликда фазилат борлигига далолат мавжуддир».
Жумъа куни ғусл қилмоқ ихтиёрий эканлигига доир далил ана шу тарзда келтирилади. Баъзилар бу қарорга илова қилиб, «Масжидда бўлган саҳобалар (розияллоҳу анҳум) Ҳазрати Умар билан, Ҳазрати Усмоннинг бу ҳолатларига мувофақат этган бўладилар, демак, Жумъа куни ғусл ихтиёрий эканлиги борасида иттифоқ қилганлар, деб айтиш мумкин». Бошқа томондан эса Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмоннинг бу қиссасидан Жумъа куни ғусл қилмоқ вожиб эмас деган маънони эмас, аксинча, вожиб деган маънони чиқарганлар бор. Буларнинг фикрича, Ҳазрати Умар хутбани бўлиб, ҳамманинг олдида Ҳазрати Усмонни айблаб, у зотга озор бердилар, демак, жумъа куни ғусл этмоқ мубоҳ бўлса эди, бундай қилмаган бўлардилар. Ҳазрати Усмон эса вақт танг бўлганидан ва Жумъа намозини бой бериш хавфи бўлганидан орқага қайтмадилар. Чунончи, бир зарурият натижасида вақтни ўтказиб юборганларини ва фақат жумъа азонини эшитгач, ўзларига келганларини таъкидлаганлар. («Саҳиҳи Бухорий»да Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) бир юмуш билан банд бўлиб қолдим» деб айтганлари келтирилган). Бу ҳолат Ислом ҳуқуқи бой ва ранг-баранглигини, порлоқ намуналардан биттаси шу эканлигини кўрсатади.