Жумъа куни ғусл қилмоқнинг фазилати
Авс ибн Авс (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бундай дедилар: «Кимки жумъа куни ғусл қилса ва (аҳлини ҳам) ғусл қилдирса, (масжидга) эрта келса, (хутбанинг аввалига улгурса) (имомга) яқин ўлтирса, сукут қилиб, хутбани эшитса, босган ҳар бир қадами учун унга рўзаси (нафл рўзалари) ва намози (нафл ибодатлари) билан биргаликда бир йиллик ажр бордир».
Маҳмуд (Термизийнинг устози) бу ҳадисда Вакиънинг бундай деганини нақл этди: «Ўзи ғусл қилса ва жуфти ҳалолини ҳам ғусл қилдирса...».
Ибнул-Муборак ушбу ҳадисда бундай дегани ривоят қилинди. («Кимки ювса ва ювинса». Яъни бошини ювса ва ювинса (ғусл қилса), дейди.
Бу бобда Абу Бакр, Имрон ибн Ҳусайн, Салмон, Абу Зарр, Абу Саъид, Ибн Умар ва Абу Аййуб (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Авс ибн Авснинг ҳадиси ҳасан. Абул-Ашъас Ас-Санъонийнинг исми - Шураҳбил ибн Ода.