Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Қуёши порлаган энг яхши кун жумъа кунидир. Одам (алайҳиссалом) ул кунда яратилди, ул кунда Жаннатга киритилди ва ул кунда Жаннатдан туширилди. Ул кунда бир соат борки, мусулмон банда намоз ўқиб ўшал соатга мувофиқ келтирса, унда Аллоҳдан нимаики тиласа, Аллоҳ тилагини ато қилгайдир...».

Тиланадиган нарса Аллоҳдан тиланишга лойиқ нарса бўлиши керак. Баъзи бир бошқа ривоятларда «нимаики тиласа» деган ибора ўрнига «нимаики яхшилик тиласа» дейилган.

Абу Ҳурайра айтади: «Абдуллоҳ ибн Салом билан учрашдим-да, унга ушбу ҳадисни зикр қилдим. Шунда у: «Мен ўша соатни биламан» деб колди. «Бас, ўша соатни менга билдир, уни мендан қизғанма», дедим. Айтди: «У соат асрдан кейин то қуёш ботгунчадир». «Асрдан кейин қандай бўлади? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон банда намоз ўқиб, ўшал соатга мувофиқ келтирса» дедилар. Ҳолбуки, у вақт (асрдан кейин) намоз ўқиладиган вақт эмас-ку?» дедим. Шунда Абдуллоҳ ибн Салом айтди: «Ахир, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки бир мажлисда ўтириб, намозни кутса, ул киши намоздадир» деб айтмаганмидилар!» «Балли!» дедим. «Бас, у (соат) ана шудир», деди.

Яъни ўша соат - Жумъа куни аср билан шом орасидаги бир соатдир. Бу ўриндаги «соат» деган сўздан олтмиш дақиқалик бир вақт бўлаги назарда тутилган эмас, умуман, муайян вақт кўзда тутилган. Бинобарин, бир миқдордаги дуони ва ибодатни сиғдирадиган даражадаги бир вақт эканлигига шубҳа йўқ.(«Саҳиҳи Бухорий»да Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша вақтнинг қисқалигини қўллари билан ишора қилганлари айтилган. - М.К.). 

Жумъа кунидаги бу соат борасида олимлар ихтилоф қилишди. Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатҳ-ул-борий»да уламонинг бу масаладаги қирқдан ортиқ қавлини зикр қилади ва сўнгида бундай дейди: «Зикр этилган қавллардан энг рожиҳ (мақбул) қавл Абу Мусонинг ривояти билан Абдуллоҳ ибн Саломнинг ривоятидир». Муслим тажриж этган- Абу Мусо ривоят қилган ҳадисда у соат имомнинг (минбарга чиқиб) ўтирмоғи билан намознинг тугамоги ўртасида эканлиги таъкидланган.

Бу ҳадисда узун бир қисса бор.

«Бас, ўша соатни менга ҳам билдир, уни мендан қизғанма» деган сўзнинг маъноси: «Зонин» («зод» билан) - зиқна ва хасис дегани. «Занин(а) («з») билан - муттаҳам (туҳматга қолган, гумон қилинган) киши дегани.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш