Жумъа кунида дуо ижобат бўладиган соат
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жумъа куни кутиладиган (дуо мустажоб бўладиган) соатни асрдан кейин то қуёш ғойиб бўлгунича ахтарингизлар».
Бу ҳадис ушбу важҳдан ғариб. Бу ҳадис Анас (розияллоҳу анҳу)дан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа важҳдан ҳам ривоят қилинган.
Муҳаммад ибн Абу Хумайд заиф деб топилган. Баъзи муҳаддислар, хотираси жиҳатдан унинг заиф эканини қайд этганлар. Уни Хаммод ибн Абу Ҳумайд ҳам дейишади. Абу Иброҳим Ал-Ансорий ўша эканлиги айтилган. Унинг ҳадиси мункар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари дуо ижобат бўладиган соатни асрнинг кетидан то қуёш ботгунича чўзилган вақт орасида деб ҳисоблайдилар. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шу.
Аҳмад бундай дейди: «Ҳадисларнинг кўпи, дуоси мустажоб бўладиган соат аср намозидан кейин эканлиги борасидадир. Заволдан кейин ҳам кутилади».