Таҳорат аъзоларини бир мартадан ювмоқ
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир марта-бир мартадан (таҳорат аъзоларини ювиб) таҳорат олдилар».
Ҳадис таҳорат аъзоларини бир мартадан ювиш фарз эканига далолат қилади. Икки ёки уч марта ювиш фарз бўлса эди, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир марта ювиш билан қаноатланмас эдилар. Ан-Нававий: «Таҳорат аъзоларини бир мартадан ювиш фарз, уч мартадан ювиш суннат эканлиги борасида бутун мусулмонлар иттифоқ қилишган», дейди.
Бу бобда Умар, Бурайда, Абу Рофиъ ва Ибнул-Фақиҳ (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинди. Ибн Аббоснинг (келтирган) ҳадиси ушбу бобда ворид бўлган ҳадисларнинг энг ҳасан ва энг саҳиҳидир. Ришдийн ибн Саъд ва бошқалар бу ҳадисни Ад-Даҳҳоқ ибн Шуроҳбилдан, Зайд ибн Асламдан, унинг отасидан, Умар ибн Ал-Хаттобдан ривоят қилишган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мартадан (таҳорат аъзоларини ювиб) таҳорат олдилар». Бу ривоятнинг сиҳҳатдан насиби йўқ. Саҳиҳ бўлган ривоят, Ибн Ажлон, Ҳишом ибн Саъд, Суфён Ас-Саврий ва Абдулазиз ибн Муҳаммаднинг Зайд ибн Асламдан, Ато ибн Йасардан, Ибн Аббосдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятларидир.