Бир кечада икки витр йўқ!
Толиқ ибн Али (розияллоҳу анҳу)дан ривояат қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деганларини эшитдим: «Бир кечада икки витр йўқ!».
Ибнул-Арабий «Оридат-ул-аҳвозий» номли Термизий китобига битилган шарҳида бу ҳадиснинг маъносини бундай шарҳлайди: «Витрни ўқиганидан кейин таҳажжуд намозини ўқиса, витрни қайта ўқимайди».
Бу ҳадис ҳасан-ғариб.
Илм аҳллари, кечанинг аввалида витрни ўқиб ётган ва (кечанинг) охирида турган киши борасида ихтилоф қилдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари, витр бузилади, деган фикрда бўлиб, бундай дейдилар: «Кечанинг аввалида ўқиган витр (намози)га бир ракъат қўшади, кейин хохлаганича тунги (таҳажжуд) намозини ўқийди, кейин намозининг охирида витрни ўқийди; чунки бир кечада икки витр йўқ».
Бу кишилар тунги (таҳажжуд) намозининг охирида витр ўқилмоғини буюрган ҳадис билан бу ўриндаги ҳадисни жамъ қилмоқ учун шу қавлга эга бўлишган.
Исҳоқ шу қавлга эга бўлган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари эса бундай дейдилар: «Кечанинг аввалида витрни ўқийди, кейин ухлайди ва кейин кечанинг охирида турса, бу киши хоҳлаганича тунги (таҳажжуд) намозини ўқийди. Витрни бузмайди ва уни ўз (ўқилган) ҳолича қолдиради». Суфён Ас-Саврий, Молик ибн Анас ва Ибнул-Муборакнинг қавли шудир. Бу қавл саҳиҳроқ. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам витрдан кейин тунги (таҳажжуд) намозини ўқиганлари мутааддид важҳлардан ривоят қилинган.