Витр намозида қунут дуоси
Ал-Ҳасан ибн Али (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга витрда ўқиладиган ушбу калималарни (дуони) ўргатдилар: «Аллоҳумма-ҳдиний фийман ҳадайта ва ъафиний фийман ъафайта ва тавалланий фийман таваллайта ва бариклий фийма аътойта ва қини шарро ма қозойта фа иннака тақзий ва ла юқзий алайка ва иннаҳу ла юзиллу валята табарокта роббана ва таъалайта».
Маъноси: «Аллоҳим! Ҳидоят этган (банда)ларинг қатори мени ҳам ҳидоят қил! Авф этган (банда)ларинг қатори мени ҳам авф айла! Дўст тутган (асраган) бандаларинг қатори мени ҳам дўст тут (асра)! Ато этган нарсаларингда мен учун баракат қил! Тақдир-қазо қилганинг ёмонликлардан мени асра! Албатта, Сен тақдир-қазо қилгувчисан ва сенинг тақдирингга қаршилик қилинмагай! Сен дўст тутган(асраган) киши залил бўлмас! Табораксан ё Роббимиз, таъолосан!
Ҳанафийларнинг қунут дуоси эса ушбудир:
Аллоҳуммма настаъийнука ва настағфирука. (Ва настахдийка) Ва нуъмину бика. Ва натубу илайка ва натаваккалу ъалайка. Ва нусний ъалайкал хойр. Нашкурука ва ла накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман-йафжурук! Аллоҳумма! Иййака наъбуду ва лака нусолли ва насжуду ва илайка насъа ва наҳфиду ва наржу роҳматака ва нахша ъазабак. Инна ъазабака бил-куффаари мулҳиқ.
Маъноси: Эй бор Худоё! Биз Сендан мадад ва кўмак талаб қилурмиз, Сендан маърифат сўраймиз! (Сендан ҳидоят тилаймиз). Сенга иймон келтирурмиз ва. эътимод этурмиз. (Ва сенга тавба қилурмиз). Сенга сано айтурмиз, яхшиликнинг ҳаммаси сенга хосдир. Сенга шукр қилурмиз. Сенга куфр келтирмаймиз ва куфрони неъмат қилмаймиз. Кимки сенинг буйруғингдан чиқса, ҳақдан ботилга майл қилса, уни чиқарурмиз ва ташлагаймиз. Эй бор Худоё! Сенинг ўзингга ибодат қилурмиз ва Сен учун намоз ўқирмиз ва сажда қилурмиз! Сенга интилурмиз ва Сенга итоат қилурмиз, бошқага қилмасмиз. Сенинг раҳматингдан умид қилурмиз ва азобингдан қўркурмиз. Албатта, сенинг азобинг кофирларга етгувчидир!».
(Илова: қавсдаги иборалар баъзи жойларда айтилмайди, бу нодуруст эмас, дурустдир).
Бу бобда Али (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган.
Бу ҳадис ҳасан. Буни танҳо шу важҳдан исми Робиъа ибн Шайбон бўлмиш Абул-Хавроъ Ас-Саъднинг ривоятидан билаётирмиз. Қунут борасида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган бундан яхшироқ ҳадисни билмаймиз.
Илм аҳллари витр намозидаги қунут (дуоси) борасида ихтилоф қилдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бутун умр витрда қунут ўқилмоғини маъқул кўрди ва қунут (дуоси) рукуъдан олдин ўқилмоғини ихтиёр этди. Баъзи илм аҳлларининг қавли шу. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Исҳоқ ва Куфа аҳли шу қавлга эга бўлганлар. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)дан, Рамазоннинг иккинчи ярмида ва рукуъдан кейин қунут ўқигани ривоят қилинган. Баъзи илм аҳллари шу қавлга эга бўлаётир. Шофиъий ва Аҳмаднинг қавли шудир.
(Илова: «Саҳиҳи Бухорий»да қунут дуоси рукуъдан олдин ўкилиши хулоса қилинган. Ҳанафийлар рукуъдан олдин ўқийдилар. 1-жилд, 272-бет).