Бир ракъат витр намози
Анас ибн Сийрийндан ривоят қилинди; айтди: «Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан: «Бомдоднинг икки ракъат (суннат)ини узун ўқийинми?» - деб сўрадим. Шунда айтдики, «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда икки-икки ракъатдан намоз ўқир эдилар ва бир ракъат витр (тоқ) қилар эдилар. (Бомдоднинг) икки ракъат (суннат)ини азон қулоқларида бўлган ҳолда ўқир эдилар».
«Азон қулоқларида бўлган ҳолда» иборасидан чиқадиган маъно шуки, бомдоднинг суннатини (азон қулоқларига етиши би-лан) қисқа ва енгил ўқир эдилар.
Бу бобда Оиша, Жобир, Ал-Фазл Ибн Аббос, Абу Аййуб ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Ибн Умарнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъййндан баъзи илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир: Киши икки ракъат билан учинчи (тоқ) ракъатнинг орасини салом билан ажратиб, витрни тоқ ракъат тарзида ўқийди, деб ҳисоблайдилар.
Молик, Шофиъий ва Исҳоқнинг қавли шудир. (458-ҳадис иловасига ва қуйидаги тўрт иловага қаранг).
(*Термизий китобига ёзилган мўътабар шарҳдан тўрт илова:
1-илова: Ҳазрати Оиша (розияллоҳу анҳо) Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аби Қайс (розияллоҳу анҳу)нинг саволлари устида, Жаноби (Расули Акрам) саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечқурундаги намозларини бу тариқа баён қилибдурлар: «Тўрт ракъат ва уч ракъат; олти ракъат ва уч ракъат; саккиз ракъат ва уч ракъат; ўн ракъат ва уч ракъат. Мана бу ривоятда охирги «уч ракъат» деган калимани тўрт бор алоҳида келтиришларидан маълум бўлурки, бу намознинг адади на зиёда, на кам бўлур. Шундоқ бўлмаган тақдирда Ҳазрати Оиша (розияллоҳу анҳо) ҳар гал «уч ракъат» калимасини ифода қилмай, етти ракъат, тўққиз ракъат, ўн бир ракъат, ўн уч ракъат деб қўя қолар эди.
2-илова: Мулла Али Ал-Қорий раҳимаҳуллоҳ сўзларича, Ҳанафийларнинг далиллари шулдурки, витр намозининг уч ракъат ўқилишини жоиз ва мустаҳсин эканлигига саҳобаи ъизом (розияллоҳу анҳум) қарор қилгандурлар. Ва уч ракъатдан кам бўлишида баъзилари жоиз ва баъзилари ножоиз, деб ихтилоф қилгандурлар. Саҳобаларнинг иттифоқ қилган масалаларига амал қилмоқ зиёда матлубдир.
3-илова: Имоми Ҳасан Басрий (розияллоҳу анҳу)гаки, муҳаддисларнинг ниҳоятда буюкларидандурлар, дебдурлар: «Витр намозининг уч ракъатлигига бутун мусулмонлар иттифоқ қилгандурлар». Бу зотга бир киши дебдурки, «Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) уч ракъат витрнинг икки ракъатига салом бериб, қолган бир ракъатини алоҳида ўқир эдилар». Анга бу зот (яъни имоми Ҳасан Басрий): «Оталари Ҳазрати Умар уч ракъатни бир салом ила ўқир эдилар. Ва оталари ул кишидан олимроқ эрдилар», деб жавоб берибдурлар.
4-илова: Аҳодиси шарифада (ҳадисларда) танҳо бир ракъатлик намоз ўқиш манъ қилингандур. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан бир киши савол қилиб дедики, «Ҳазрати Саъид (розияллоҳу анҳу) витрни бир ракъат ўқирлар». Ҳазрати Абдуллоҳ дедилар: «Бир ракъатлик намоз бўлмас».
Булардан бошқа ҳам ҳанафийларда далиллар кўп. Ҳаммадан жомеъ ва муфрид бир китоб бу масала таҳқиқин устида ҳазрати мавлоно устози кабир, алломаи шаҳир, муҳаққақ ал-аҳноф, аъламул-ашроф Ас-Саййид Муҳаммад Юсуф Ал-Банурий Аллоҳу маждан ва иззан ҳазратларининг «Термизиййи шариф»га қилгон шарҳларидан алоҳида қилиб, табъ ва нашр этган таълифларидур. (Ушбу шарҳлар Саййид Маҳмуд Торозий ҳазратларининг Имом Ат-Термизийнинг «Шамойили Муҳаммадия» китобига қилган изоҳотидан олинди. Таржимон).