Уч ракъат витр намози
Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни уч ракъат ўқир эдилар ва бу ракъатларда тўққизта сура ўқир, ҳар ракъатда учта сура ўқиб, охирида «Қул: Хуваллоҳу аҳад»ни ўқир эдилар».
Бу бобда Имрон Ибн Ҳусайн, Оиша, Ибн Аббос, Абу Аййуб ва Абдурраҳмон ибн Абзо воситасида Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Абдурраҳмон ибн Абзонинг ўзи орқали ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривоят қилинган. Баъзи муҳаддислар ана шу тарзда (Абдурраҳмоннинг ўзидан) ривоят қиладилар ва Убай Ибн Каъбни зикр этмайдилар. Баъзилари эса «Абдурраҳмон ибн Абзодан, Убай ибн Каъбдан», дейди.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари шу ҳадисни эгаллаб, киши витрни уч ракъат ўқийди, деган фикрга келдилар.
Суфён айтади: «Витрни хоҳласанг беш ракъат ўқийсан, хоҳласанг уч ракъат, хоҳласанг бир ракъат». Шундан сўнг бундай дейди: «Мен эса уч ракъат ўқилмоғини маъқул кўраман». Ибнул-Муборакнинг ва Куфа аҳлининг қавли ҳам шудир.
Абу Ҳанифа шу ҳадис билан (ва яна кўплаб бошқа ҳадислар билан) истидлол қилиб, витр намози уч ракъат эканлигини айтади. Ҳанафийлар фикрига кўра, витр - уч ракъатдан на кўп, на оз.
Саъид ибн Яқуб Ат-Толақоний, Ҳаммод ибн Зайддан, Ҳишомдан, Муҳаммад ибн Сийрийндан нақл этиб, бизга баён қилди; Муҳаммад ибн Сийрийн айтди: «Витрни беш ракъат, уч ракъат, бир ракъат ўқишар ва ҳаммасини яхши деб билишар эди».
(Илова: «Витр намози буюрилишидан аввал витрни бир ракъат, уч ракъат, беш ракъат, етти ракъат ўкир эдилар. Кейин витр намози нозил бўлди, яъни Жаброил алайҳиссалом келиб витрни хабар берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч ракъат билан кифоя қилмоқни буюрдилар». «Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди», 51-масала, 60-саҳифа. Таржимон).