Витрни ўқимасдан ухламоқ кароҳат эканлиги
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ухламасдан олдин витрни ўқимоқни буюрдилар».
Исо ибн Аби Азза айтади: «Аш-Шаъбий - кечанинг аввалида (биринчи қисмида) витрни ўқир, кейин ухлар эди».
Абу Ҳурайранинг ҳадиси бу важҳдан ҳасан-ғариб. Абу Савр Ал-Аздийнинг исми - Ҳабиб ибн Аби Мулайқа.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари, киши витрни ўқимасдан, ётиб ухламаслиги керак деб ихтиёр қилганлар.
Яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинди; айтдилар: «Сизлардан кимки кечанинг охирида уйғона олмасликдан қўрқса, кечанинг аввалида (биринчи қисмида) витрни ўқиб олсин. Ва сизлардан кимки кечанинг охирида уйғонишга кўзи етса, витрни кечанинг охирида ўқисин. Чунки кечанинг охирида Қуръон қироат қилинганида раҳмат фаришталари ҳозир бўлгайдир ва бу афзалроқдир».
Бу (ҳадис)ни бизга Ҳаннод - Абу Муовиядан, Ал-Аъмашдан, Абу Суфёндан, Жобирдан (розияллоҳу анҳум), Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан баён қилиб берди.