Исми улуғ ва шони юксак Аллоҳнинг ҳар кеча дунё осмонига «тушмоғи»
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборак ва таъало ҳар кеча - туннинг илк учдан бир қисми келганида дунё осмонига тушади ва бундай дейди: «Мен Маликдурман (мулк соҳибидурман)! Кимки Менга дуо қилса, уни ижобат этгайдурман; кимки Мендан сўраса, унга ато этгайдурман; кимки Менга истиғфор айтса, уни мағфират қилгайдурман!» Ва токи тонг отгунича шундоқ давом этар».
«Тушади» сўзининг маъноси масаласида ихтилоф қилинди. Айримлар бу сўзни зоҳир маъносига қараб, оддий тушиш деб қабул қилдилар. Булар - Мушаббиҳа ёки Мужассима (антропоморфизм) тоифасидирки, Аллоҳ таоло уларнинг даъвосидан муназзаҳдир. Айримлар эса бу ўртада ворид бўлган ҳадислар саҳиҳ эмас, деб иддао этадиган даражада ҳаддан ошганлар. Булар Хавориж ва Муътазила фирқаларидир. Баъзилар бу ҳадисни таъвил қилганлар. Баъзилари эса Аллоҳу таолони ташбиҳ (ўхшатиш) ва кайфиятдан муназзаҳ қилиб (поклаб) «нузул»га ҳадисда ворид бўлгани тарзда иймон келтирдилар. Салафи солиҳийн йўли мана шудир. Ал-Байҳақий тўртта имомнинг; икки Ҳаммод, икки Суфён, Ал-Авзоий, Ал-Лайс ва яна бошқаларнинг йўли шу эканини айта-ди. Шуни ҳам таъкидламоқ керакки, агар «тушмоқ» дегани ҳаракат билан ва бир ҳолдан бошқа бир ҳолга кўчиш йўли билан бўлса, (яъни шундай деб тушунилса), буни Аллоҳу таъоло ҳақида айтиш мумкин эмас. Шу эътибор билан ҳадисда келган «нузул», яъни тушмоҳ сифатига ташбиҳсиз ва кайфиятсиз тарзда ишонмоғимиз лозим. Ул зот Ўзига хос бир тушиш билан «тушгайдир», биз инсонлар, махлуклар сингари ҳаракат билан ёки бир ҳолдан бошқа ҳолга кўчиш йўли билан эмас. Аллоҳу аъламу бимуродиҳи...
Бу бобда Али ибн Абу Толиб, Абу Саъид, Рифоъа Ал-Жуҳаний, Жубайр ибн Мутъим, Ибн Масъуд, Абуд-Дардо ва Усмон ибн Абил-Аббос (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Бу ҳадис мутааддид важҳлардан Абу Ҳурайра орқали Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундоқ ривоят қилинган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборак ва таоло ҳар кеча, туннинг илк учдан бир қисми келганида дунё осмонига «тушгай»дир».
Ривоятларнинг энг саҳиҳи шу.