Бармоқларни хилол қилмоқ (ораларига сув етказмоқ)
Осим ибн Лақийт ибн Собиранинг отаси (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; деди: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таҳорат олганингда бармоқларингни хилол қил (ораларига сув етказ)».
Бу бобда Ибн Аббос, Шаддод Ал-Фиҳрийнинг ўғли Ал-Муставрид ва Абу Аййуб Ал-Ансорий (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳли наздида амал шу ҳадис асосидадир: таҳоратда оёқ бармоқлари орасига сув етказилади. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шудир. Исҳоқ айтадики, «Таҳоратда қўл ва оёқ бармоқларининг орасига сув етказилади».
Ибн Саййидиннос, «Сунани Термизий» шарҳида бундай дейди: «Биродарларимизнинг фикрича, оёқларни ювганда бармоқлари орасига сув етказиш таҳоратнинг суннатларидандир. Сув ўзи ўтса, хилол қилиш суннат бўлади. Аммо сув бармоқлари орасига фақат хилол қилиш йўли билан ўтадиган бўлса, унда хилол қилиш вожиб; фақатгина лизотиҳи (ўзи учун) эмас, ювиш фарзини адо қилиш учун вожибдир». Аш-Шавқоний, Ибн Саййидинноснинг сўзини нақл этгандан кейин, айтадики, «Хилол қилиш мутлоқ вожиб эканлиги ҳақида ҳадислар сариҳдир (очиқ-равшандир). Бармоқлар орасига сув ўзича етиши ёки хилол қилиш йўли билан тегиши орасида, шунингдек, хилол қилишда қўл ва оёқ бармоқлари орасида фарқ йўқлиги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам қавллари, ҳам феъллари билан собитдир. Хилол қилишни фақат оёқ бармоқларига хос деб айтиш ёки сув ўзича тегади деб қайд этиш далилсиз уринишдир».
Абу Ҳошимнинг исми - Исмоил ибн Касир Ал-Маккий.