Қулоқларни масҳ қилиш, бош масҳи жумласидандир (яъни бирданига масҳ тортилади)
Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; деди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олдилар; юзларини уч марта, қулларини уч марта ювдилар; бошларига масҳ тортдилар ва дедиларки, «Қулоқлар (масҳи) бош жумласидандир».
Қутайба айтади: «Ҳаммод бундай деди: «Бу («Қулоқлар (масҳи) бош жумласидандир» сўзи) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларими ёки Абу Умоманинг гапими, шуни билмадим».
Бу бобда Анас (розияллоҳу анҳу)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Бу ҳадис ҳасан.
Исноди эса унчалик сиҳҳат эмас. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан бўлмиш илм аҳлининг кўпчилиги наздида амал шу ҳадис асосидадир: Қулоқларни масҳ қилиш бош масҳига дохилдир. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шундай. Илм аҳлидан баъзиларининг фикрига кўра, қулоқларнинг олд тарафи - юзга, орқа тарафи эса бошга тегишлидир. Исҳоқ айтадики, «Қулоқларнинг олд томонини юзни ювганда масҳ этишни, орқасини эса бош билан бирга масҳ қилишни ихтиёр этаман». Шофиъий эса бундай дейди: «Қулоқларни мунфарид (алоҳида) масҳ қилмоқ суннатдир ва уларга янги сув билан масҳ тортилади».
Аҳмад (ибн Ҳанбал) ва (Имоми) Моликнинг қавли ҳам шундай. Абу Ҳанифа эса бошга ва қулоқларга бир сув билан масҳ тортилади деган фикрга эга бўлган. Ибн Абдулбар шу қавл саҳобалар ва тобиъийнларнинг баъзиларидан ривоят қилинганини қайд этади...