Пешин намозининг тўрт ракъатлик аввалги суннати
Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракъат ва (фарзидан) кейин икки ракъат (намоз) ўқир эдилар».
Бу бобда Оиша ва Умму Ҳабиба (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган. Алининг ҳадиси ҳасан. Абу Бакр Ал-Аттор, Али ибн Абдуллоҳдан, Яҳё ибн Саъиддан, Суфёндан нақл этиб, бизга баён қилиб берди: «Суфён айтдики, «Ал-Ҳориснинг ривоятига нисбатан Осим ибн Дамроъ ривоятининг устунлигини билар (ва тақдирлар) эдик».
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан илм аҳллари кўпчилигининг амали шу ҳадис асосидадир. Киши пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат намози ўқимоғи ихтиёр қилинган. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак ва Исҳоқнинг қавли шу. Баъзи илм аҳллари эса, «Кечки ва кундузги намозлар икки-икки ракъатдандир», дейди. Ҳар икки ракъатни бир-биридан ажратмоқ лозим, деган фикрга эга бўлганлар. Шофиъий ва Аҳмаднинг қавли шу.