Қуёш чиққанидан кейин бомдод намозининг суннатини ўқимоқ
Абу Ҳурайра (розилллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки бомдод намозининг икки ракъат (суннат)ини ўқий олмай қолса, қуёш чиққанидан кейин ўқиб олсин».
Бу ҳадисни ёлғиз шу важҳдан билаётирмиз. Ибн Умардан шундай қилгани (қуёш чиққанидан кейин бомдод намози суннатининг қазосини ўқигани) ривоят этилган. Баъзи илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир. Суфён Ас-Саврий, Шофиъий, Аҳмад, Исҳоқ ва Ибнул-Муборакнинг қавли шу. Амр ибн Осим Ал-Килобийдан ташқари, бу ҳадисни Ҳаммомдан шу иснод билан ва шу тарзда ривоят қилган бирор кишини билмаймиз. Қатоданинг Назр ибн Анасдан, Башир ибн Наҳикдан, Абу Ҳурайрадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан марфуъ тарзида қилган ривояти ушбудир: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки қуёш чиқмасидан олдин бомдод намозининг бир ракъатига улгурса, бомдод намозига улгурган бўлур».