Бомдод намозининг суннатини ўтказиб, фарздан кейин ўқимоқ
Қайс ибн Амр ибн Саҳл Ал-Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга чиқдилар, дарҳол изларидан намозга иқомат айтилди ва мен у киши билан бирга бомдодни ўқидим. Кейин Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тамом қилгач, менинг намоз ўқиётганимни кўриб қолдилар: «Шошмагил, Қайс! Бир пайтда икки (фарз) намозми» дедилар, «Ё Расулуллоҳ? Мен бомдоднинг икки ракъат (суннат)ини ўқимаган эдим» - дедим, «Унда зарари йўқ», - дедилар.
Муҳаммад ибн Иброҳимнинг ривояти шу тарзда эканини ёлғиз Саъд ибн Саъиднинг ривоятидан билаётирмиз. Суфён ибн Уйайна айтади: «Ато ибн Аби Рабоҳ бу ҳадисни Саъд ибн Саъиддан эшитган ва бу ҳадис фақатгина мурсал тарзида ривоят қилинаётир». Маккаликлардан баъзилари шу ҳадисни қабул қилишган. Бомдод намозининг суннатини фарздан кейин ва қуёш чиқишидан олдин ўқимоқ зарарсиз, деб ҳисоблайдилар.
Ал-Хотабий «Ал-маолим»да бундай дейди: «Бомдод намози суннатининг қазосини ўқиш вақти борасида олимлар ихтилоф қилганлар. Ибн Умар (розияллоҳу анҳум)дан, у кишининг фарздан кейин суннат қазоси ўқилади деб айтгани ривоят қилинди. Ато, Товус ва Ибн Журайҳнинг қавли ҳам шудир. Баъзилари эса «Қуёш чиққунча қазони ўқийди», дейди. Ал-Қосим ибн Муҳаммаднинг қавли ва Ал-Авзоий, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг мазҳаби (йўли) шудир. Абу Ҳанифа ва у кишининг биродарлари эса бундай дейишади: «Хоҳласа, бу икки ракъатнинг қазосини қуёш кўтарилгунча ўқийди. Агар ўқий олмаса, бошқа нарса лозим бўлмайди. Чунки, бу суннатдир». Имом Молик «Чошгоҳ вақтидан завол вақтига қадар қазосини ўқийди, заволдан кейин қазосини ўқимайди», дейди.
Саъд ибн Саъид Яҳё ибн Саъид Ал-Ансорийнинг биродари. Қайс эса Яҳё ибн Саъиднинг бобоси. У Қайс ибн Амр эканлиги, шунингдек, Қайс ибн Каҳд эканлиги ҳам айтилган. Бу ҳадиснинг исноди муттасил эмас. Муҳаммад ибн Иброҳим Ат-Таймий - Қайсдан эшитган. Баъзилар эса бу ҳадисни Саъд ибн Саъиддан, Муҳаммад ибн Иброҳимдан ривоят қилган: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар ва Қайсни кўрдилар.