Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намозга иқомат айтилганида фарздан бошқа намоз йўқ».

Бу бобда Ибн Райҳона, Абдуллоҳ ибн Амр, Абдуллоҳ ибн Саржис, Ибн Аббос ва Анас (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳасан.

Бу ҳадис саҳиҳ. Муслим бу ҳадисни мутааддид йўллардан ривоят қилган. Аҳмад, Абу Довуд, Ан-Насоий ва Ибн Можа ҳам бу ҳадисни ривоят қилганлар.

Аййуб, Варқоъ ибн Умар, Зиёд ибн Саъд, Исмоил ибн Муслим ва Муҳаммад ибн Жуҳода, Амр ибн Динордан, Ато ибн Ясордан, Абу Ҳурайрадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу тарзда ривоят қилганлар. Ҳаммод ибн Зайд ва Суфён, ибн Уйайна, Амр ибн Динордан ривоят қиладилар ва ҳадисни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламгача юксалтирмайдилар. Марфуъ бўлмиш ривоят, бизнингча, саҳиҳроқ.

Бу ҳадис Абу Ҳурайрадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа важҳдан ҳам ривоят қилинган. Аййаш ибн Аббос Ал-Қитбоний Ал-Мисрий уни Абу Саламадан, Абу Ҳурайрадан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир: Намоз учун иқомат айтила бошлаганда ўша фарздан бошқа намоз йўқ. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.

Бу масалада уламонинг 9 хил қавли бор:

1-қавл. Намозга иқомат айтила бошлаганда бошқа намозни ўқимоқ макруҳ: у хоҳ вақт суннати бўлсин, хоҳ нафл намози бўлсин. Саҳобалардан, тобиъийндан ва имомлардан кўпгина шахсларнинг қавли шу. Термизий, жумладан, Суфён Ас-Саврийнинг қатъиян шу фикрда эканини қайд этган бўлса-да, аммо Ибн Абдилбар ва Ан-Нававий, Ас-Саврийнинг қарашини бундай изоҳлайди: «Биринчи ракъатни бой беришдан қўрқса, бомдоднинг суннатини тарк этиб, жамоат билан бирга намозга киради. Аммо биринчи ракъатга етишмоғига ишонса, аввал суннатини ўқийди ва кейин имомга эргашади». Чунончи, кейинрокда бу баён этилади.

2-қавл. «Фарз намози учун иқомат айтила бошлаганда, нафл намозларидан ҳеч биттаси жоиз эмас». Ибн Абдилбар «Ат-тамҳид»да шундай дейди.

3-қавл. Имом фарзни ўқиётганда бомдод намозининг суннатини ўқимоқликда зарар йўқ. Бу фикрдаги шахслар бомдоднинг суннати билан бошқа намозларнинг суннати орасида ажрим қилмоқдалар. Бу хусусда Ал-Байҳақийнинг Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан қилган ушбу ҳадиси билан истидлол этадилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намоз учун иқомат келтирилганда фарздан бошқа намоз йўқ, фақатгина бомдоднинг икки ракъат суннати(бундан) мустасно. Аммо бу ҳадис истидлол учун яроқли эмаслигини, ҳатто Ал-Байҳақий, Абу Ҳурайрадан бу истиснога зид бир ҳадис ривоят қилганини далил қиладилар.

4-қавл. Бу қавлда масжиднинг ичида бўлмоқ ёки ташида бўлмоқ ва айни вақтда биринчи ракъатга етиб-етмаслиги орасида ажрим қилинади. Бу Имоми Моликнинг қавли бўлиб, у бундай дейди: «Масжидга кирган бўлса, имомга эргашсин ва суннатни - бомдоднинг суннатини демоқчи - ўқимасин. Агар масжидга кирмаган бўлса, биринчи ракъатни бой бериш қўрқуви бўлмаса, масжиднинг ташида суннатини ўқисин, бой бериш қўрқуви бўлса, ўқимасдан масжидга кириб, имомга эргашсин».

5-қавл. Икки ракъат фарзни бой беришдан ва иккинчи ракъатнинг рукуъида имомга етиша олмасликдан қўрқса, унда имомга эргашади, йўқса масжиднинг ташида бомдоднинг суннатини ўқиганидан кейин имомга эргашади. Ибн Абдилбарнинг нақл этишича, бу қавл Имоми Абу Ҳанифа ва биродарларининг қавлидир. Ал-Хаттобий эса Имоми Абу Ҳанифа Имоми Молик билдирган фикрда, бўлганини ривоят қилади. Увда бу ривоят Имом Аъзамнинг биродарларининг ривоятига мувофиқ келади. Бу орада Ан-Нававий Имом Абу Ҳанифа Ал-Авзоийнинг қуйида келадиган қавлга эга бўлганини баён этади.

6-қавл. Охирги ракъатга етолмаслик қўрқуви бўлмаса, бомдоднинг суннатини масжиднинг ичида ҳам ўқийверади. (Жамоатда) биринчи ракъатни бой берадиган бўлса ҳам, суннатини ўқиши керак. Ал-Авзоий ва Саъид ибн Абдулазизнинг қавли шу. Ан-Нававий, Имоми Абу Ҳанифа ва у кишининг биродарлари ҳам шу қавлга эга бўлганини ривоят қилади.

7-қавл. Биринчи ракъатни бой бериш қўрқуви бўлмаса, бомдоднинг суннатини масжид ичида бўлса ҳам ўқийди. Суфён Ас-Саврийнинг қавли шу. Ибн Абдилбар ривоят қилган бу қавл Термизий Суфён Ас-Саврийдан ривоят қилган қавлга зид.

8-қавл. Вақт бемалол бўлса, имомнинг намозини бой берса ҳам, бомдоднинг суннатини ўқийди. Моликийлардан Ибнул-Жаллобнинг қавли шу.

9-қавл. Иқоматни эшитгач, хоҳ бомдоднинг суннати, хоҳ бошқа нафл намозга киришмоғи, хоҳ масжиднинг ичида, хоҳ ташқарисида бўлсин, жоиз эмас. Агар шундай қилса, осий бўлган бўлади. Зоҳирийларнинг қавли шу. Ибн Ҳозим, Шофиъийнинг ва барча салафларнинг шу қавлга эга бўлганини нақл этади. Ҳадисда ворид бўлган «иқомат» сўзидан мурод муаззиннинг фарз намози учун келтирган иқомат бўлса, маълум бўлган ва қабул этилган маъно шудир, унда бу қавл ҳадиснинг зоҳир маъносига мувофиқроқ келади. Борди-ю, «иқомат» сўзидан «намоз ўқимоқ» маъноси қасд этилса, унда иқомат асносида нафл намози ўқимоқлик кароҳат эмас.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш