Бомдод намозининг суннатидан кейин ёнбошламоқ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сизлардан бирортангиз бомдод намозининг икки ракъат (суннат)ини ўқиса, ўнг томони билан ёнбошласин».
Бу бобда Оиша (розйяллоҳу анҳо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Ҳурайранинг ҳадиси бу важҳдан ҳасан-саҳиҳ-ғариб.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг икки ракъат (суннат)ини уйда ўқиганларидан кейин ўнг томонларига ёнбошлаганлари Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган. Айрим илм аҳллари шуни мустаҳаб кўрмоқдалар.
Бомдод намозининг суннатидан кейин ёнбошлаб ётиш ҳақида олимларнинг хилма-хил фикрлари бор.
1) Термизий баъзи илм аҳлларидан нақл этганларича, бу мустаҳабдир. Абу Мусо Ал-Ашъарий, Рофиъ ибн Хориж, Анас ибн Молик ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳум)нинг фикрлари шу. Улар бомдод намозининг суннатидан кейин ёнбошлар ва бошқаларига ҳам шуни амр қилишарди. Имомлардан Шофиъийнинг ҳам қавли шу. Ал-Айний «Умдатул-Қорий»: китобида «Шофиъий ва унинг биродарлари бу (ёнбошлаш) суннат деб қарор қилишди», дейди.
2) Ёнбошлаб ётишни зарур бўлган вожиб амал, дейишади. Абу Муҳаммад Али ибн Ҳазм Аз-Зоҳирийнинг қавли шудир. Шавқоний бундай дейди: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан ёнбошлаб ётишни тарк этганлари умматларига тегишли бўлган амрга зид эмас».
3) Ёнбошлаш бидъат ва макруҳ. Саҳобалардан Ибн Масъуд ва ихтилофли бир ривоятга кўра Ибн Умарнинг қавли шу.
4) Бу ишни қилмаган авло. Ибн Абу Шайба, Ал-Ҳасандан ривоят қилади: Ал-Ҳасан бомдод намозининг суннатидан кейин ёнбошлаб ётишдан хушланмас эди.
5) Бешинчи қавлга кўра, тунги (таҳажжуд) намозига турган киши билан турмаган киши ўртасида ажрим қилинади. Таҳажжудга турганлар истироҳат учун бу ишни қилишлари мустаҳаб кўрилган, турмаганлар учун машруъ эмас. Термизийнинг шориҳи Абу Бакр ибн Ал-Арабий шу қавлни ихтиёр этади ва бундай дейди: «Фақатгина тунги (таҳажжуд) намозига турган киши бомдод намозининг суннатидан кейин фарзни кутмоқ учун ёнбошлаб етади ва шу аснода вужудини тин олдириб, бомдоднинг фарзига туради».