Тонг отганидан кейин фақатгина икки ракъат (суннат) намоз бор
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тонг (отгани)дан кейин икки саждадан бошқа (яъни икки ракъат суннатдан бошқа) намоз йўқ».
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Амр ва Ҳафса (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Умарнинг ҳадиси ғариб.
Бу ҳадисни ёлғиз Қудама ибн Мусонинг ривоятидан билмоқдамиз. Ундан мутааддид кишилар ривоят қилганлар. Илм аҳллари ушбу хусусда иттифоқ қилдилар: Тонг отгандан кейин киши бомдод намозининг икки ракъат (суннат)идан бошқа (нафл) намоз ўқимоғини макруҳ кўрадилар.
Ҳофиз Аз-Зайлоий, Термизийнинг «Бу ҳадисни ёлғиз Қудома ибн Мусонинг ривоятидан билмоқдамиз» деган сўзига эътироз қилади ва Табароний худди шу ҳадисни Қудома ибн Мусо қатнашмаган бошқа икки йўлдан ривоят қилганини айтади. Ҳолбуки, бу эътироз ўринсиз. Чунки Термизий бу ҳадис бошқа йўлдан ривоят қилинмаганини эмас, балки фақатгина бу хусусда маълумотга эга бўлмаганини айтмоқда, холос.
Илова: Ҳанафий мазҳабида бомдод вақти кирганидан кейин икки ракъат суннат ўқилгач, фақат фарз ўқилади. Нафл намозлар ўқилмайди.
Бу ҳадиснинг маъноси фақатгина бундай деб тушунилади: «Тонг отганидан кейин бомдоднинг икки ракъат (суннат)идан бошқа намоз йўқ».